May 29, 2019

ВАЗНГА ТАЪСИР ҚИЛУВЧИ 5 ОМИЛ МАЪЛУМ БЎЛДИ

Кўпчилик ортиқча вазндан халос бўлиш инсоннинг иродасига боғлиқ дейди, аммо тиббиёт буни аксини кўрсатади, дея хабар қилади BBC.

Қуйида вазнга таъсир қилиши мумкин бўлган бешта биз кутмаган омиллар келтириб ўтилади.

1. Ичак микробиомаси

Жиллиан билан Жеки эгизак, бироқ бири бошқасидан 41 кг оғир.

Профессор Тим Спектор 25 йил давомида эгизакларни ўрганиш бўйича Британия умуммиллий дастури доирасида уларнинг ривожланишини кузатиб келади. Профессорнинг айтишича, уларнинг вазнидаги фарқ кичик микроорганизмларга, яъни ичагимизда яшайдиган микробларга боғлиқ.

«Ҳар сафар нимадир истеъмол қилаётганингизда, триллионлаб микробларни озиқлантирасиз. Ҳеч қачон ёлғиз овқатланяпман деб ўйламанг,» – дейди профессор.

Опа-сингил эгизакнинг иккаласидан олинган таҳлил натижалари бироз озғинроқ бўлган Жиллианнинг жуда ҳам хилма-хил ичак флорасига эга эканлигини, Жекида эса ичак микроблари жуда озлигини кўрсатди.

«Бу хилма-хиллик қанчалик кўп бўлса, инсон шунчалик озғин бўлади. Агар вазнингиз жуда оғир бўлса, билаверингки, микробларингиз ҳар хил эмас экан», дейди профессор Спектор беш минг кишини ўрганиб чиққач.

Микробиомани диверсификация қилиш учун турли хил ҳужайраларга бой бўлган соғлом ва турфа хил парҳезга амал қилиш керак.

Профессор таъкидлаганидек, Британияликларнинг кўпчилиги керак бўлган ҳужайранинг ярмини истеъмол қилади.

Фойдали ҳужайралар манбаси қуйидагилар:

  • сули ёрмаси (овсянка)
  • мевалар
  • сабзавотлар, масалан, брокколи ёки сабзи
  • ловия
  • дуккакли маҳсулотлар
  • ёнғоқ

2. Ирсият

Нима учун баъзи одамлар турли хил парҳезларга қатъий риоя қилади, мунтазам равишда жисмоний машқлар билан шуғулланади-ю, аммо сира озмайди, қолганлар эса деярли ҳеч нарса қилмасдан ҳам қоматини яхши ҳолатда сақлайди?

Кембриж университетининг олимлари вазннинг 40-70 фоизини ота-онадан мерос қилиб олган генига боғлиқ деб ҳисоблайди.

«Бу худди лотереяга ўхшайди. Агар сизнинг генингизда нуқсон бор бўлса, шубҳасиз, семиришингизга сабабчи бўлади,» – дейди профессор Садаф Фаруки.

Бу ўзига хос генлар иштаҳага, истеъмол қиладиган таомнинг миқдорига ва хатто қайси овқатни афзал кўришимизга таъсир қилади. Генлар, шунингдек, организм калорияларни қандай қабул қилаётгани ва танага самарали равишда ёғ етказиб бериш-бермаслигини ҳам белгилайди.

Умуман олганда, вазнга таъсир қилувчи генлар, жумладан очлик ҳисси ва иштаҳани бошқарадиган MC4R гени ҳам, камида 100 тани ташкил қилади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳар минг кишидан бирида MC4R гени нуқсонли бўлади, яъни бундай ген эгаларининг қорни тезроқ очиб қолади ҳамда кўпроқ ёғли таомлар истеъмол қилишга мойиллиги бўлади.

«Ген борасида ҳеч нарса қилолмайсиз, аммо баъзи одамлар ўзларининг генлари уларни семиритиришга мойиллигини билиб қўйишса, фойдадан ҳоли бўлмайди. Чунки улар буни билгач, овқатланиш рационини ўзгартириб, спорт билан шуғулланишлари мумкин,» – дейди профессор Фаруки.

3. Кечки овқат душманми?

«Нонуштани ўзинг е, тушликни дўстинг билан баҳам кўр, кечки овқатни душманингга бер,» деган нақлда қандайдир маънода ҳақиқат бор.

Ортиқча вазн муаммолари бўйича мутахассис доктор Жеймс Брауннинг айтишича, қанчалик кеч овқатлансак, шунчалик вазн йиғиш эҳтимоли кўпаяди. Лекин бу тунда фаол ҳаракат қилмасликдан эмас, балки ички соатлар туфайли амалга ошади.

«Организмимиз калориялар билан кундузи самаралироқ ишлашга мўлжалланган, тунда эмас,» – изоҳ беради у.

Айнан шу сабаб, навбатчиликда ишлайдиган ёки белгиланмаган соатларда ишлайдиган одамлар ортиқча вазн тўплашга мойил бўлади.

Кечаси организ ёғ ва шакарни ҳазм қилишга қийналади, шунинг учун агар озиш истагидагилар калорияли маҳсулотларни кечки соат 7 гача егани маъқул.

«Ўтган ўн йил мобайнида, Буюк Британияда ўртача кечки овқат вақти 17:00 дан 20:00 гача этиб белгиланди. Натижада оғир вазнли одамларнинг кўпайиши бошланди,» – дейди доктор Браун.

Аммо ҳатто бугунги кун темпида ҳам, иш соатлари қандай бўлишидан қатъий назар, яхши қоматга эга бўлиш учун назорат қилишингиз мумкин бўлган нарсалар мавжуд.

Доктор Браун айтишича, нонуштага фақатгина тостер билан кифояланиш мумкин эмас.

Нонуштада оқсил, бироз ёғ ва углеводлар танаввул қилиш керак, масалан, тухум ва сули ёрмасидан тайёрланган бир парча нон. Бу йўл билан сиз узоқроқ вақт ўзингизни тўқ ҳис қилиб юрасиз.

Тушлик эса озуқавий, кечки овқат енгил бўлиши керак.

4. Мияни қандай алдаш мумкин

Ҳукуматнинг «Behavioral Insights Team» ижтимоий гуруҳининг айтишича, британияликлар қанча овқат ейишларини назорат қилмайди ва натижада қўшимча ейилаётган 30-50% калорияни сезмайдилар.

Хулқ-атвори фани бўйича мутахассис Ҳюго Харпер қандай қилиб ҳар доим калория ҳисоблаб юрмаслик учун овқатга бўлган одатларни ўзгартиришнинг бир қанча усулларини таклиф қилади.

Мисол учун, иродангизнинг кучига таянгандан кўра, иштаҳангизни қўзғаётган нарсани кўздан нарига олиб қўйиш самаралироқ бўлади.

Шунинг учун саломатликка зарар келтирувчи закускаларни олдингизга ёйиб қўйгандан кўра мева ёки бошқа бир фойдалироқ нарса билан тўлдирилган идишни қўйинг.

Телевизор қаршисига бир пакет печенье билан ўтирманг. Ўзингизга етадиган миқдорда (энг кўпи иккита) идишга солиб олинг.

Доктор Харпер, шунингдек, бирор нарсани бекор қилишдан кўра, ўрнини бошқа нарса билан алмаштиришни маслаҳат беради, айниқса, у сиз ёқтирадиган егулик бўлса паст калорияли вариантни танланг.

Масалан, газланган ичимликларнинг паст калориялисини ичинг. Ёки миқдорини камайтиринг. Бу шоколадли печенье билан чой ичиш одатидан бутунлай воз кечишга уринишиндан анча самаралироқ бўлади.

«Одамлар порцияси 5-10% га қисқарганини сезмайдилар,» – дейди Харпер.

Кичик тарелкадан фойдалансангиз ёки қадоқдаги нормага амал қилсангиз, калорияларнинг чекланмаган миқдорда ютилишига тўсқинлик қилишга эришасиз.

5. Гормонлар

Бариатрик жарроҳликнинг муваффақияти шундаки, у нафақат ошқозонни кичрайтиради, балки кейинчалик гормонал ўзгаришларга ҳам олиб келади.

Гормонлар иштаҳани назорат қилади. Шунинг учун шифокорлар бариартрик жарроҳликни семизликдан халос бўлишнинг энг самарали усули деб топди. Жарроҳлик натижасида тўқлик ҳиссини берувчи гормонлар кўпаяди, аксинча, очлик ҳиссини берувчилари эса камаяди.

Аммо, бу жиддий операция бўлиб, у ошқозон ҳажмини 90% га қисқартиради ва фақат тана массасининг кўрсаткичи 35 дан кам бўлмаганлар учун тавсия этилади.

Лондон Империал коллежининг олимлари шу каби операциядан кейин иштаҳани ўзгартирадиган ичак гормонларини қайта яратди ва ҳозир улар ёрдамида янги клиник синовлар олиб борилмоқда.

Беморларга тўрт ҳафта давомида ҳар куни уч гормон аралашмаси инъекция тарзида юборилади.

«Бемор очлик ҳиссини камроқ туяди ва камроқ овқат ейди. 28 кун ичида икки килограмдан саккиз килограмгача бўлган вазнни йўқотади,» — дейди Триша Тан.

Агар ушбу усул хавфсиз деб топилса, бемор нормал оғирликка етгунга қадар ундан фойдаланиши режалаштирилади.