СЕМИЗЛИ – ЮҚУМЛИ БЎЛМАГАН КАСАЛЛИК
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг дунё миқёсидаги охирги баҳолашларига кўра, 18 ва ундан катта ёшдаги 1,9 миллиард одам ортиқча вазнга эга. Уларнинг 600 миллиондан ортиғи семизликдан азият чекмоқда.
Яқин-яқингача иқтисодий тараққий этган, даромад даражаси юқори бўлган мамлакатлар аҳолисида ортиқча вазн ва семизлик касаллиги кўп учрайди, деган қараш бор эди. Қизиғи шундаки, эндиликда даромад даражаси ўта паст бўлган мамлакатлар, айниқса, шаҳарларда бундай кўрсаткичлар тобора ошиб бормоқда. Мисол учун, иқтисодиёти шаклланаётган ва ривожланаётган, яъни Жаҳон банки даромад даражаси ўрта ва паст, деб баҳоловчи мамлакатларда болалар орасида ортиқча тана вазни ва семизлик ҳолатларининг тарқалиш даражаси ривожланган мамлакатларга нисбатан 30 фоиз юқори экан.
Яна бир маълумот: ортиқча тана вазни ва семизлик оқибатидаги ўлим кўрсаткичлари етарли даражада тана вазни бўлмагани боис келиб чиққан ўлим кўрсаткичларидан баланд.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, ортиқча тана вазни ва семизликнинг асосий сабаби организмга келиб тушаётган ва организм сарфлаётган калориялар орасидаги энергетик номутаносиблик экан.
Демак, таркибида ёғ, туз ва қанд миқдори кўп бўлган, айниқса, сунъий қўшимчалар ёрдамида қайта ишланган маҳсулотлар истеъмолини чегаралаш, овқатланиш рационида витаминлар, минерал моддалар ва яна бошқа микроэлементлар миқдори баланд озуқавий маҳсулотларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, серҳаракатлилик тана вазнини меъёрда ушлаб туришга хизмат қилувчи омилдир.