May 10, 2019

ТУТ МЕВАСИ ИММУН ТИЗИМНИ КУЧАЙТИРАДИ

ТУТ ҚАЕРДАН КЕЛГАН?

Ушбу мева ҳақида ҳикматли сўз ва мақолларни сиз ёшликдан кўп ўқигансиз. Болаликда тутзорларга кириб бу дарахт мевасига тўйганлар ҳам орамизда кўп бўлса керак. Бежизга бир йил тут эккан киши, юз йил гавҳар теради, дейишмайди. Ҳозир юртимизда шифобахшлиги гавҳарга тенг бу меванинг айни пишган вақти. Хўш тутни қандай истеъмол қилиш керак ва у қандай касалликларга даво бўлади?

Тут дарахти Марказий Осиёга Хитойдан тахминан эрамиздан аввал 2-3 минг йилларда келтирилган. Унинг танасидан ясалган бешикларда не-не алломалар катта бўлмаган, дейсиз. Чунки дарахт ёғочига қурт тушмаслиги сабабли гўдакнинг бешиги айнан тутдан ясалган. Бундан ташқари, қадимдан тут дарахтидан мусиқа чолғу асбоблари, ёзув қоғози ишлаб чиқарилади. Барглари ипак қурти учун озуқа бўлишдан ташқари, чангни ушлаб қолувчи, карбонат ангидридни ютиб, кислород ишлаб чиқарувчи табиий восита. Мевасини таърифласангиз сўз етмайди.

ҲАР ДАРДГА ДАВО ТУТ

Тут меваси иммун тизимни кучайтириб, организмнинг юқумли касалликларга қарши ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди, терига барвақт ажин тушишидан сақлайди, кўриш қобилиятини ошириб, кўз тўрпардасининг зарарланиши каби касалликларнинг олдини олади.

Тут барги ва танасининг пўстлоғи ҳам турли биологик фаол моддаларга бой. Барги таркибида флавоноидлар, витаминлар, каротин, эфир мойи, органик кислоталар, дарахт пўстлоғида эса бўёқли ва ошловчи моддалар, турли хилдаги кислоталар мавжудлиги аниқланган.

Халқ табобатида тут қадимдан турли касалликларни даволашда қўлланилиб келинади.Тут шираси қонни тозалаш, қонни кўпайтириш мақсадида ҳам кенг қўлланган. Баргининг қайнатмаси эса ангина ва бошқа шамоллаш касалликларида иситмани туширувчи, чанқоқни қолдирувчи восита сифатида қўлланилган.

Буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино тутдан шифобахш восита сифатида фойдаланган.Агар тут, ток ва қора анжирнинг баргларини ёмғир сувида қайнатиб ишлатилса, сочни қорайтиради. Оқ тут барги томоқ оғриғи, янги узилган барг шираси тиш оғриғига, тут меваси ва унинг шираси оғиз ва томоқдаги шишларга даво бўлади. Тузлаб қуритилган тут эса ичбуруғ касаллигини даволайди. Буйрак, юрак-қон томир касалликларини даволашда эса тут меваси танани ортиқча суюқликдан тозаловчи, пешоб ҳайдовчи воситадир.

ТУТНИ ҚАЧОН ЕЙИШ КЕРАК?

Тутни овқатланишдан олдин истеъмол қилиш лозим, шунда ошқозонга унинг зарари тегмайди.

Тут мевасини қуритиб, ундан дамлама, компот тайёрлаб ичилса, дармонсизликни даволайди, озишга ёрдам беради, организмни тозалайди.

Қишда тут дарахтининг куртагини олиб, тозалаб, дамламасини юракни қувватлаш учун ичиб юрилади. Тут дарахти гуллари ўсимлик ёғи билан аралаштирилиб, қоронғи жойда тиндирилса, теридаги майда ҳуснбузар, доғлар ва сепкилни даволаш учун ажойиб крем ҳосил бўлади. Танадаги эски яра ва шикастланган жойларни даволашда тут барги ва шохчасини майдалаб, ўсимлик ёғи билан аралаштириб суртилса, яралар тез битади, терида ўрни қолмайди. Тутнинг озуқавий қиймати – 70 ккал.

Янги тут (ёки консерваланган) меваси шарбати кўкрак қафасининг симиллаб оғриши ва нафас олиш қийинлашиб ҳарсиллашда ёрдам беради. Муолажа мақсадида тут шарбати уч ҳафта давомида ичилади. Таажжубки, шу қисқа муддатда юрак фаолияти тўлиқ тикланиб, соғаяди.

Янги олинган тут шарбати тутнинг барча фойдали шифобахш хусусиятларга эга бўлади. У нафас йўллари, тонзиллит ва ангинани даволашда фаол восита, сурункали йўтал, пневмония ва бронхитни даволашда ҳам ижобий натижа беради. Ақлий меҳнат билан машғул кишиларга унинг фойдаси катта, чунки таркибидаги фосфор ақлий фаолиятни яхшилайди.

ТУТ ДАРАХТИ ПЎСТЛОҒИНИНГ ФОЙДАСИ БОРМИ?

Пўстлоғидан қайнатма, дамлама ва малҳам тайёрланади. Малҳам билан йирингли жароҳатларни, терининг куйган ва жароҳатланган қисмини, дерматитни, экзема ва псориазни даволаш мумкин.

Малҳамни тайёрлаш учун икки қошиқ майдаланган дарахт пўстлоғини 100 г қиздириб, совутилган писта ёғи билан аралаштирилади ва музлатгичда уч кун давомида тиндириб, олиб яна қайтадан аралаштирилади. Шундай қилиб малҳам дори тайёр бўлади. Бу малҳам билан терининг касал жойларига кунига тўрт маҳал суртилади. Уни ҳуснбузардан холи бўлиш учун ҳам ишлатилади: юзга ва елка терисига ҳар чўмилиб чиққандан сўнг суртилади.

Одатда тут мевасини янги узиб олинганида истеъмол қилинади, лекин ундан шунингдек, компот, мураббо, кисель, сироп, пишириқлар ичига солиб, пишириб истеъмол қилинади. Тутни яшаш жойига яқин жойда пишиб етилган меваси истеъмол қилинади. Уни узоқ масофага транспорт воситасида олиб бориш ярамайди, етиб боргунича айниб қолади.

Муборак Рамазон ойида ҳар бир истеъмол қилаётган таомингиз шифо бўлсин дея мақоламизга якун ясадик.

Саида Рустам қизи тайёрлади.