БУРУНДАН ҚОН КЕТСА, НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Бурундан қон оққанда уни қандай тўхтатиш мумкин, қандай ҳолатларда шифокорга мурожаат қилиш керак ва бундай ҳолат тез-тез кузатилса, қандай йўл тутиш керак? "Лайфхакер" шу мавзудаги илмий асосга эга маълумотлари билан бўлишди.
ЕНГИЛ БУРУН ОҚИШИНИ ҚАНДАЙ ТЎХТАТИШ МУМКИН?
Бурундан қон кетишининг енгил шакллари кутилмаганда ёки буруннинг енгил жароҳатидан кейин бошланиши мумкин. Қоидага кўра, бурундан бундай қон кетишининг ҳеч қандай хавфли томони йўқ.
Бундай ҳолатларда қуйидаги хатти-ҳаракатларни амалга оширинг:
Ўтиринг ва бошингизни тик тутинг. Қон томоққа оқиши керак эмас;
Буруннинг юмшоқ қисмини бармоқларингиз билан қаттиқ сиқинг ва 10-15 дақиқа давомида қўйиб юборманг. Илк 10 дақиқада сабр қилиб, қон оқиши тўхтаган ё тўхтамаганини текширмай туринг;
Агар 10-15 дақиқадан кейин қон тўхтамаса, яна 15 дақиқача бурунни сиқишда давом этинг.
Қон оқишини тезроқ тўхтатиш учун томирларни торайтирувчи таъсирга эга воситадан фойдаланишингиз мумкин, масалан ксилометазолин эритмасидан.
Агар 30 дақиқа ичида бурундан қон оқиши тўхтамаса, шифокорга мурожаат қилинг.
БУРУНДАН ҚОН ОҚИШНИНГ ХАВФЛИ ШАКЛИ
Бурундан қон оқиши нисбатан камдан-кам ҳолатларда буруннинг орқа қисмидаги йирик қон томирларига зиён етиши натижасида бошланади. Бу кўп қон йўқотиш мумкинлиги билан хавфли.
ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАРДА ТЕЗ ЁРДАМ ХИЗМАТИГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?
Катта миқдордаги қон оғиз ёки томоқ томон оқаётган бўлса;
Қон қуйқалари ҳосил бўлса;
Қон кетиши бурун бўшлиғи ёки томоқдаги оператсиядан бир неча кун ўтгач кузатилса, масалан, бурундаги полип ёки аденоидларни олиб ташлагандан кейин;
Қон оқиши кучли зарбдан кейин бошланган бўлса.
Шифокор бурундан кетган қонни бурун бўшлиғи тампонадаси ёрдамида тўхтатиши мумкин. У бурун бўшлиғига томирларни торайтирувчи препаратлар билан тўйинтирилган тампонлар қўйишни кўзда тутади.
БУРУНДАН ТЕЗ-ТЕЗ, ЛЕКИН ОЗ-ОЗДАН ҚОН КЕТИШИ САБАБЛАРИ
Бурундан тез-тез қон оқиш ҳолатлари турли сабаблар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Одатда муаммони нисбатан оддий чоралар билан ҳал қилишнинг иложи бўлади. Кам ҳолатларда шифокорга мурожаат қилишга тўғри келади.
Қуйида бурундан тез-тез қон оқишининг асосий сабаблари ва уни бартараф этишга доир маслаҳатлар тақдим этилади:
ШАМОЛЛАШ ВА ДАВОМЛИ БУРУН БИТИШИ
Агар тез-тез бурундан қон кетиш ҳолатлари шамоллаш ёки давомли бурун битишида кузатилса:
Бурунни эҳтиёт бўлиб қоқишга ҳаракат қилинг;
Аксираётганингизда оғзингизни очинг;
Бурнингизни кавламанг;
Агар бурун битган бўлса, уни қоқишдан олдин бурунга оддий физиологик эритма ёки енгил тузли аралашма томизинг.
ҚУРУҚ ҲАВО
Бурундан тез-тез қон кетишининг яна бир сабаби хонадаги ҳаддан зиёд қуруқ ҳаво бўлиши мумкин.
Бу муаммони ҳавони намлантирувчи восита ёрдамида ҳал қилиш мумкин. Ундан-да оддий ечим — иссиқлик манбаи олдига сув тўлдирилган идиш қўйиб қўйиш.
БУРУН УЧУН СПРЕЙЛАР
Агар инсон, масалан, аллергияни даволаш учун бурун спрейларидан мунтазам равишда фойдаланса, уни нотўғри қўллаш техникаси бурундан қон кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Бурун пардадевори соҳасида кўплаб нозик томирлар жойлашган. Уларга зиён етказмаслик учун флакон тумшуғини бурун қаноти томон йўналтириш керак. Масалан, буруннинг чап тешигига дори йўллашда флаконни ўнг қўлда ушланг ва уни чап - бурун пардадевори томонга йўналтиринг.
МАЙДА ТОМИРЛАРНИНГ ҲАДДАН ЗИЁД НОЗИКЛИГИ
Баъзи одамларда бурундан тез-тез қон кетиши бурун пардадеворининг олд қисмидаги майда қон томирларининг ҳаддан ташқари нозиклиги билан изоҳланади.
Қон томирларининг заифлиги туғма ёки кекса ёшда орттирилган бўлиши мумкин.
Бу муаммони ҳал қилиш учун шифокорга мурожаат қилиш керак. У шиллиқ қаватга кумуш нитрати ёки махсус жарроҳлик асбоби билан ишлов беришни таклиф қилиши мумкин. Бу каутеризатсия деб аталади.
БУРУНДАН ҚОН КЕТИШИНИНГ БОШҚА САБАБЛАРИ
Бурундан тез-тез қон кетишининг нисбатан камёб сабаблари қуйидагилар:
Қон ивиши билан боғлиқ туғма камчиликлар;
Сурункали жигар касалликлари;
Спиртли ичимликлар истеъмоли;
Қон ивишини пасайтирувчи дори воситалари;
Бурун пардадеворининг қийшайиши ёки перфоратсияси;
Бурун бўшлиғидаги ўсимталар;
ҚОННИНГ ОНКОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАРИ.
Бу ҳолатларнинг барида даволаш усули касаллик турига боғлиқ бўлади.
Бурундан қон кетиши баробарида яна қандайдир белгилар пайдо бўлган тақдирда, шифокорга мурожаат қилиш керак.