ТАШХИС: СИЛ КАСАЛЛИГИ!
Ўтмишда сил касаллигига йўлиққан инсон молиявий аҳволи ва ёшига қарамай, ҳаётдан кўз юмарди. Бугун эса бу касаллик ўтмишдаги каби қўрқинчли эмас. Тиббиёт соҳасида эришилаётган барча ютуқларга қарамай, уни сезмай қолиш мумкин, йўқотиш қийин, унутишнинг эса иложи йўқ. "Лайфхакер" сил касаллиги ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди.
Сил - нима?
Сил касаллиги — бу ҳаво-томчи инфекцияси. У кўпинча ўпкага зиён етказади, лекин бошқа органлар: суяклар, тери, ичакка ҳам "ҳужум" қилиши мумкин. Касалликнинг юзага келишига Mycobacterium tuberculosis бактериялари сабабчидир. Улар муайян соҳаларда яллиғланишни келтириб чиқаради, натижада тўқималарда тугунлар ва некроз ўчоқлари (яъни ўлик тўқималар) ҳосил бўлади. Улар туфайли органлар нормал ишлай олмайди, организм эса умумий интоксикация билан жавоб қайтаради.
Агар иммунитет ёки дори-дармонлар касалликни вақтида тўхтатмаса, инсон ҳаётдан кўз юмиши ҳам мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) кўра, сил касаллиги бутун дунёда кенг тарқалган ўлим сабаблари ўнлигига киради.
Сил касаллиги қандай ва қаерда юқиши мумкин?
Инфекциянинг асосий ўчоғи — бемор кишилар. Шундай бўлса-да, касалликнинг жониворлардан юқиш эҳтимоли ҳам мавжуд.
Атрофда касаллар қанча кўп бўлса, инфекцияни юқтириш хавфи шунча юқори бўлади.
Йирик шаҳарларда жамоат жойларида бундай беморларга тўқнаш келиш келиш ҳеч гап эмас.
Беморларнинг аксариятида касалликнинг ёпиқ шакли учрайди, яъни бактериялар организмни кемириб боради, лекин атроф-муҳитга ажралмайди.
Силнинг очиқ шакли эса атрофдагилар учун (беморларнинг ўзи учун ҳам) жуда хавфли ҳисобланади, шунинг учун уни шифохонада даволаш зарур. Силнинг очиқ шаклидан азият чекувчи кишилар билан узоқ вақт мулоқотда бўлиш - катта хавф.
Сил касаллигига дучор бўлиш хавфи юқори бўлган жойлар - одамлар яхши овқатланмай, гигиенага риоя қилмайдиган тор, совуқ, зах иншоотлар. Бу - нафақат қамоқхоналар, балки шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда ҳам шундай шароитда яшайдиганлар талайгина.
Атрофда беморлар кўп бўлса, касаллик юқиши муқаррорми?
Йўқ. Шундай бўлса-да, инфекция юқиши - бу ҳали касаллик эмас. ЖССТ маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар учинчи кишида Mycobacterium tuberculosis бўлар экан, лекин микроблар ҳар доим ҳам ўзини намоён қилмайди. Силнинг организмда бактерия яшовчи фаол шакли билан касалланиш имкони - 10 фоиз.
Кимлар хавф гуруҳида?
Ноқулай шароитларда яшовчи ҳамда иммунитети паст кишилар. Бундай шарт-шароитларда сил яширин шаклдан фаол шаклга ўтади. Хавф гуруҳида:
1. Силнинг очиқ шакли билан касалланган беморларнинг қариндошлари. Сабаб — бактериялар билан кўп алоқада бўлиш.
2. Болалар, кексалар, сурункали касалликка йўлиққан кишилар. Уларнинг иммунитети касалликнинг ривожланишига қаршилик қиладиган даражада кучли бўлмаслиги мумкин.
3. ОИВ-инфекцияли кишилар. Уларда касалликнинг фаол шакли мустаҳкам иммунитетли кишиларга нисбатан 20-30 баробар тез ривожланади.
Сил касаллиги ривожланаётган мамлакатларда, тўлақонли овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи бўлмаган жойларда кенг тарқалган.
Тўғри овқатланиш ва спорт силга қаршилик қилишга ёрдам беради.
Силни қандай билиш мумкин?
Сил касаллигини ташхислаш қийин, чунки уни эрта босқичларда нафас йўли касалликларининг бирортаси билан адаштириш ҳеч гап эмас.
Эрта босқичдаги сил касаллигининг белгилари:
1. Ҳарорат 37–37,5 °C'гача кўтарилади, енгил истималаш.
2. Ҳолсизлик, тез чарчаш: ҳеч нимага куч қолмайди.
3. Вазн йўқотиш. Бемор иштаҳасиз бўлади, сабабсиз оза бошлайди. Болалардаги ўсишнинг секинлашиши ҳам сил белгиси бўлиши мумкин.
4. Кучли терлаш, айниқса тунда.
5. Кўкрак қафасида оғриқ туриши.
6. Ҳафталаб кетмайдиган йўтал. Касаллик авж олганда балғамда қон кўринади.
Сил касаллиги белгилари аста-секинлик билан ривожланади, уларнинг барчаси бўлиши шарт эмас. Шунинг учун ҳам болаларга манту қилинади, катталар эса флюорографиядан ўтиши керак бўлади. Бу ҳатто касаллик ўзини намоён қилмаганда ҳам, уни аниқлаш имконини беради.
Силдан қандай ҳимояланиш мумкин?
Инфекциялардан ҳимояланишнинг икки усули мавжуд:
1. Номахсус - бу ҳар қандай инфекция профилактикасида ёрдам берадиган усул. Соғлом ҳаёт тарзи, одатий гигена қоидалари, қулай яшаш шароити. Ҳаммага одат бўлиб улгурган уйга киришингиз билан қўлларни ювиш, хоналарни шамоллатиш, бадантарбия қилиш ва қоматни сақлаш.
2. Махсус - бу муайян касаллик профилактикасига қаратилган усул. Масалан, бирор касалликка қарши эмлаш.
Эмлаш ёрдам берадими?
100 фоиз эмас! Силга қарши БЦЖ вакцинаси мавжуд. У инфекция юқишидан ҳимоя қилмайди, лекин мураккаб ҳолатларга қаршилик қилишда ёрдам беради. Хусусан, у сил менингитининг ривожланишига йўл қўймайди. Бироқ сил касаллиги билан курашда ҳужайра иммунитети муҳим аҳамиятга эга, унга эса эмланишнинг алоқаси йўқ.
БЦЖ вакцинаси касалликнинг энг оғир шакллари билан оғримаслик ва салбий асоратларни четлаб ўтишга ёрдам беради.
Бу жуда муҳим, чунки силни ҳар доим ҳам асоратлар ривожигача даволаб бўлмайди. 2015 йилда дунёнинг деярли ярим миллион аҳолисида сил касаллиги қайд этилган, уларга машҳур дори воситаларининг аксарияти ёрдам бера олмайди. Бактерияларнинг қаршилиги ошган сари касаллик кўпаяверади. Бундай ҳолатларда эмлаш - оғир вазиятларнинг олдини олувчи энг яхши усул.
Унда Мантунинг нима кераги бор?
Манту реакцияси - бу организмда сил касаллигининг қўзғатувчи борми ёки йўқ, бор бўлса, жим ётибдими ёки ташувчисини кемиришни бошлаганми - шуни кўрсатиб берувчи тест синови.
Аниқ ташхис қўйиш учун рентгенография ёки компьютер томографиясидан ўтиш, бактерияларни аниқлаш учун таҳлиллар топшириш керак бўлади.
Сил аниқланса, нима қилиш керак?
Алабатта, даволаниш керак, чунки бугунги кунда сил - ҳукм эмас. Касаллик ҳақида маълумотга эга бўлиш ва бу ҳақида яқинларни хабардор этиш, чунки бундан буён сиз - касаллик манбаи бўлиб, уни бошқа одамларга юқтиришингиз мумкин. Эҳтимол, яқинларингиз орасида силга чалингану бундан ўзининг ҳам хабари йўқ кишилар бордир, зеро ҳамма ҳам касалликнинг белгиларига эътибор қилавермайди. Ўз вақтида шифокорлар кўригидан ўтиб туриш касалликни эрта босқичларида аниқлаш ва уни осонликча бартараф этиш имконини беради.