January 26, 2019

НАМАНГАНДА ОЛИЙ МАЪЛУМОТЛИ ТИББИЁТ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАНАДИ

Кейинги йилларда Россиянинг Свердловск ва Ўзбекистоннинг Наманган вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда. Икки вилоят раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда имзоланган битимлар бунинг яққол далилидир. Айни кунда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов бошчилигидаги  делегация Россиянинг Свердловск вилоятида меҳмон бўлиб турибди. Тиббиёт соҳасида мутахассис кадрларни тайёрлаш мақсадида иккита битим имзоланди. Энг қувонарлиси эндиликда Наманган вилоятида ҳам олий маълумотли тиббиёт мутахассислари тайёрланиши учун имконият яратилди. Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорлик шартномасига мувофиқ энди Наманган давлат университетида тўртта йўналиш бўйича, яъни даволаш иши, педиатрия, стоматология, фармацевтика йўналишлари бўйича янги факультетлар ташкил этилади. Эътиборлиси, талабалар янги ўқув йилидан бошлаб қабул қилинади. Шунингдек, наманганлик тиббиётчилар Урал давлат тиббиёт университетида малака ошириш курсида ўқиб, у ердаги клиникаларда амалиёт ўташади.

Ҳамкорлик ишидан Урал давлат тиббиёт университети ректори Ольга Ковтун миннатдор эканлигини билдириб, келгусида ушбу алоқалар яна ҳам мустаҳкамланиши лозимлигини таъкидлади.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов барча саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз, хусусан вилоятимиз аҳлини тиббиёт сахасига бўлган эҳтиёжини қондириш Президентимиз томонидан қўйилган миҳим талаб эканини, бу йўлда юқоридаги ҳамкорликнинг аҳамияти хусусида мамнуният билан хабар берди.

Санжарбек ҲАМИДОВ.