МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ЭНГ УЗОҚ УМР КЎРИШИ МАЪЛУМ БЎЛДИ
Lancet журналида чоп этилган «Global Burden of Disease» тадқиқотида одамлар ўтган асрнинг ўрталарига нисбатан умр давомийлиги 22 ёшга ошгани маълум қилинди, деб ёзади «Kaktakto».
Фото: «Kaktakto».
Тадқиқотчилар 1950 йилдан 2017 йилгача эркаклар умр кўриш давомийлиги 48 ёшдан 70,5 ёшгача, аёлларники эса 53 ёшдан 76 ёшга ошган, деган хулосага келган.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон аҳолиси энг узоқ умр кўрувчи деб топилган бўлиб, у 73,8 ёшни ташкил этади.
Тожикистонда бу кўрсаткич 73,7 ёш, Қозоғистонда эса 72,4 ёш деб топилган. Қирғизистон ва Туркманистон аҳолисида эса умр давомийлиги бундан ҳам камроқ — 70,9 ва 70,4.
Дунё бўйича эса энг узоқ умр кўрувчи Гонконг (84,3), Япония (83,8) ва Италия (83,5) аҳолиси ҳисобланади. Германияда ўртача умр давомийлиги 80,6 ёшни, АҚШда 78,6 ёшни, Хитойда эса 76,2 ёшни ташкил этади.
Туркияда одамлар ўртача 75,7 йил яшайди, Россияда эса 71,5 йил.
Монголия аҳолиси энг қисқа умр кўрувчи деб топилган бўлиб, у ерда бу кўрсаткич 69,2 ёшни ташкил этган.