April 9, 2019

ОБ-ҲАВО ЎЗГАРИШИ БИЛАН КАСАЛЛИК БЕЛГИЛАРИ КУЗАТИЛСА…

Ҳаво ўзгариб, осмонни булут қоплаганида айрим кишиларнинг боши айланиб, беҳол бўлиб қолишади. Ўшанда юрак ҳам тез-тез уриб, қон босими ҳам кўтарилади. Тунда эса яхши ухлолмай чиқишади. Хўш, бу нимадан бўлиши мумкин? Наҳотки об-ҳаво нисбатан ҳам “аллергия”га ўхшаган дард мавжуд бўлса?!

МЕТЕОСЕЗУВЧАНЛИК НИМА?

Об-ҳавонинг бирдан ўзгариши, яъни эрталаб қуёш чарақлаб турган бўлса-ю, тушга бориб ҳавони қора булут қоплаб шаррос ёмғир қуйиши табиий ҳол бўлишига қарамай, бу ҳолат сезувчанлик хусусияти кучли одамларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Тиббиётда “об-ҳавога таъсирчанлик” деб аталувчи бу ҳолат ҳаммада ҳам кузатилавермайди, кўпроқ метеосезувчан кишиларда намоён бўлади.

“БЕЛИМ ОҒРИЯПТИ, ҲАВО ЎЗГАРАДИ-ЁВ”…

Ҳаётда бундай гапни кўп эшитишимизга тўғри келади. Метеосезувчан кишилар об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан бўлиб, кўзга кўринмас магнит майдони ўзгаришларини ҳис қилишади. Одатда ёшларда бундай ҳолатлар кузатилмай, фақат ёши катталаргагина об-ҳаво ўзгаришлари жиддий таъсир қилади. Чунки кишининг ёши ўтгач, асаб толалари нозиклашиб, ўта таъсирчан бўлиб қолади. Бундай одамларнинг сал нарсага жаҳли чиқиб, йиғлаб олишлари ҳам мумкин. Бироз ҳаво ўзгариши билан бошлари оғриб, қон босимлари кўтарилади. Қизиғи, доим фойда берадиган дорилар бундай ҳолатда яхши самара бермайди. Гоҳида юрак хасталикларига чалинган беморларнинг нафаси қисиб, оёқлари шишиб кетиши ҳам мумкин. Об-ҳавонинг кескин совиб кетиши қон-томирларнинг қисқаришига, бу эса қоннинг тана бўйлаб яхши ҳаракатланмаслигига олиб келади. Шу сабабли оёқ-қўлларда увишиш кузатилиши ҳам мумкин.

ШАМОЛНИНГ ТАЪСИРИ

Метесепзувчан кишиларга шамол ҳам таъсир ўтказмай қўймайди. Совуқ шамол пайтида баъзиларнинг боши оғриса, баъзилар уйқусизликдан қийналиши мумкин. Аммо бу шамол ревматизм ёки юрак-қон томир хасталикларига чалинган беморларга таъсир қилмайди. Бундан ташқари, шамол аллергик касалликларни ҳам қўзғайди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Негаки, шамол пайтида ҳаво таркибида нафақат чанг, балки аллерген моддалар ҳам зичлашади. Бундай ҳолатда беморлар тоғли жойларга боришлари айни муддао.

Гап шундаки, ҳавонинг таркибида табиий электрон заррачалари бор. Электрон заррачалар манфий ва мусбат бўлиб, манфий заррачалар ҳавони тозалайди, киши танасига ижобий таъсир кўрсатади. Бу заррачалар шаҳар ташқарисидаги қишлоқлар ва тоғларнинг ҳавосида кўпроқ бўлади. Аксинча, мусбат зарядланган протон заррачалари эса шаҳар ҳавосида (айниқса, чақмоқ чақиб, ёмғир ёққанида) тўпланиб, кишилар саломатлигига салбий таъсир қилади. Айнан шунинг учун ёмғир олдидан баъзи одамларнинг аҳволи ўзгаради, нафаси қисади, юрак уриши тезлашади. Баъзи таъсирчан беморлар эса бу ҳолатни 2-3 кун олдин сезишади, уларни беҳоллик, руҳий тушкунлик, уйқусизлик, иштаҳа бузилиши, бош айланиши қийнайди. Шуниси ажабланарлики, ёмғирдан кейин бу аломатларнинг барчаси ўз-ўзидан ўтиб кетади.

НИМАГА ЭЪТИБОР БЕРИШ ЛОЗИМ?

Кексалар кўпроқ дам олишлари, жисмоний ҳаракатларни имкон қадар чеклашлари лозим. Чунки жисмоний меҳнат пайтида нафас олиш марказлари зўриқади. Бу пайтда кўпроқ суюқ ёки буғда тайёрланган таомлар, кўкат ва сабзавот қўшилган салатларни истеъмол қилиш ҳамда кўк чой ичишлари керак. Нафас йўлларини қичитадиган зираворлар, аччиқ, қўй гўштидан тайёрланган, дудланган маҳсулотларни истеъмол қилишни камайтириш лозим. Об-ҳаво ўзгаришлари вақтида ўзини нохуш ҳис қилганлар ялпиз, райҳон баргини ҳидлаши, лимон пўстини чайнаши умумий аҳволни яхшилайди, юрак ишини кучайтириб, бош оғриғидан халос қилади. Шунингдек, биронта сурункали касалликдан (масалан, гипертония, гипотония, қандли диабет) азият чекадиган беморлар бундай пайтда шифокорлари билан маслаҳатлашган ҳолда ичаётган дориларининг дозасини бироз оширсалар, аҳволлари унчалик ёмонлашмайди. Чунки бундай пайтда беморлар кундалик ичиб юрган дориларининг таъсири анча пасайиши мумкин. Агар бундай пайтда киши асабийлашиб, тунлари ухлолмаса, ётишдан олдин илиқ сувда чўмилиб, тинчлантирувчи таъсирга эга бўлган ялпиз, кийикўт, арслонқуйруқ ҳамда лимонўт гиёҳларидан бирини дамлаб ичишлари ҳам мумкин. Бунинг учун бир чой қошиқ гиёҳни кичикроқ чойнакка солиб, устига 1,5 пиёла қайноқ сув қуйилади ва 10 дақиқа дамланади. Чойга ярим чой қошиқда асал солиб ичиш мумкин.

Об-ҳаво кескин исиб кетиши ҳам баъзи одамларга ёмон таъсир қилиши мумкин. Бундай пайтда энг аввало тўғри нафас олиш лозим. Бунинг учун енгил нафас олиб, ҳавони секин (ичингизда 4-5 сония ушлаб) чиқариш керак.

Шаҳноза САИДОВА,

тиббиёт фанлари номзоди олий тоифали шифокор-терапевт.

К. АҲМЕДОВА тайёрлади.