ЎТ ПУФАГИМ КАСАЛ БЎЛМАСИН ДЕСАНГИЗ…
1 чой қошиқ қизилпойча (зверобой) ярим литр қайнаган сувда дамланади. Бир соат тиндириб, докадан сузиб олинади-да, ҳар овқатланишдан кейин ярим стакандан ичилади. Муолажа курси 15 кун. Кейин 15 кун танаффус қилинади. Бўзноч (бессмертник)ни ҳам худди қизилпойча каби дамлаб,15 кун мобайнида ичилади. 10 кун танаффусдан сўнг муолажа 2-3 маротаба такрорланади. Дамламаларнинг аччиғини кесиш учун унга ярим чой қошиқ асал қўшиш мумкин.
Ўт пуфагини даволашда маъданли сувдан ҳам фойдаланиш мумкин. Фақат муолажа сизга тўғри келиши борасида шифокорингиз билан маслаҳатлашинг. Муолажа учун ҳар овқатланишдан 15 дақиқа аввал ярим стакан маъданли сув ичинг. Муолажа даври – 1 ой. Ярим йил танаффусдан кейин муолажани такрорлаш мумкин.
1 пиёладан қуритилган ялпиз (мята) ва мойчечак (ромашка) аралаштирилади. Аралашмадан бир ош қошиғини ярим литр қайнаган сувда дамлаб, 2 соат тиндирилади. Овқатланишдан 20 дақиқа аввал ярим стакандан қабул қилинади. Муолажа курси – 1 ой.
2 ош қошиқ шивит уруғини 2 стакан қайнаган сувга солиб, 15 дақиқа паст оловда қайнатилади. Совутиб, докадан сузиб олинади-да, кунига ярим стакандан 4 маҳал ичилади. Муолажа муддати: 2-3 ҳафта.
Жўхори кокилларини чой каби дамлаб (1 чой қошиқ жўхори кокилини 1 стакан қайнаган сувга солиб), 15 дақиқа тиндирилади. Кун давомида 3-4 қултумдан 3-4 маҳал ичилади. Муолажа муддати 6 ойгача. Истакка кўра, ўт пуфаги ва жигар оғриқлари безовта қилганда такрорлаш муолажани мумкин.
Қирққулоқ (папоротник)нинг 2 ош қошиғи ярим литр қайнаган сувда дамланади ва паст оловга қўйилади. Солинган сувнинг ярми қолгунга қадар қайнатилади. Кунига 3-4 маҳал овқатланишдан 30 дақиқа аввал 70-100 гр.дан қабул қилинади. Бу дамлама ўт пуфагида йиғилиб қолган сафрони ҳайдашга ёрдам беради.
Ўт пуфаги ва жигар яллиғланиши касалликларида: 10 гр. Хмель (тутгуллилар оиласига мансуб кўп йиллик чирмашиб ўсадиган ўсимлик) 1 стакан қайнаган сувда дамланиб, 1 соат тиндирилади. Кунига 3 маҳал 1 ош қошиқдан ичилади.
ЖИГАР ВА ЎТ ПУФАГИ ЯЛЛИҒЛАНИШИГА ҚАРШИ…
Қончўп (чистотел) ҳам ўт пуфаги ва жигарни тозалайди. 2 ош қошиқ қончўп 2 стакан қайнаган сувда дамланади ва 6 соат тиндирилади. Эрталаб оч қоринга ва уйқуга ётишдан аввал бу дамламадан 150-200 гр. ичилади.
Тавсияларни қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг. Зеро, ҳар бир организм ўзига хосдир.