ЎЛИМГА ОЛИБ КЕЛУВЧИ ЮРАК КАСАЛЛИКЛАРИНИНГ АСОСИЙ САБАБИ МАЪЛУМ ҚИЛИНДИ
Немис олимларининг аниқлашича, ҳаво ифлосланиши аввал ўйланганидан икки баробар кўпроқ ўлим ҳолатларига олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, одамлар асосан аэрозолларнинг сурункали таъсири туфайли юзага келувчи юрак-қон томир касалликларидан вафот этишади. Бу ҳақда MedicalXpress хабар бермоқда.
Тадқиқотчилар ҳаво ифлосланиши турли манбаларининг ўлим ҳолатлари даражасига таъсирини моделлаштиришди. Маълум бўлишича, 2015 йилда атроф-муҳитнинг ёмон ҳолати бутун Европа бўйлаб 790 минг киши ўлимига сабаб бўлган. Шу билан бирга, бу ҳолатларнинг 40-80 фоизи юрак-қон томир касалликлари, шу жумладан, инсульт ва инфарктлар ҳиссасига тўғри келди. Қайд этилишича, бу нафас олиш органлари ишидаги бузилишлар туфайли юз берган ўлим ҳолатларидан қарийб икки баробарга кўп.
Бутун дунё бўйлаб ифлосланган ҳаво туфайли вафот этганлар сони йилига 8,8 миллион кишини ташкил этади, бу аввалги ҳисоб-китобларга қараганда икки баробар кўп. Олимларнинг сўзига кўра, шу сабаб туфайли тамаки чекишдан ҳам кўпроқ инсон ҳаётдан кўз юмади.
Организмга зарарли таъсир кўрсатадиган асосий омил ҳавода 2,5 микрон диаметрли қаттиқ заррачалар мавжудлигидир - PM2.5. Улар юрак-қон томир ва нафас олиш касалликларининг асосий сабаби саналади. Европада йиллик зичлик ҳар бир куб метр учун 25 микрограммни ташкил этади, бу ЖСТнинг бир куб метрга 10 микрограммлик даражасидан икки баробар кўп.