December 5, 2019
Наманганда 2019 йил бошидан тўққизинчи уч эгизак туғилди
Намангандаги вилоят перинатал марказида уч эгизак дунёга келди. Бу ҳақда «Дарё» хабар беради.
Қайд этилишича, ушбу марказда шу кунгача 218 нафар эгизак туғилган. Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи Манзура Усмонова дунёга келтирган чақалоқлар эса шу йилнинг ўзидаги тўққизинчи уч эгизак бўлди.
— Ўзимнинг уч нафар қизим бор. Энди уларнинг сафига яна икки қиз ва бир ўғилни қўшиб олдик, — дейди Манзура Усмонова.
Наманган шаҳридаги 1-сонли ФҲДЁ вакиллари томонидан чақалоқларнинг онасига марказнинг ўзида туғилганлик ҳақида гувоҳномалар тантанали равишда топширилди.
Уч эгизакка Фотима, Зуҳра ва Муҳаммадмустафо деган исмлар қўйилди. Уларнинг ҳолати яхши эканлиги айтилмоқда.