ФОЙДАЛИ ЕГУЛИКНИНГ ЗАРАРИ ҲАМ БОРМИ?
Фойдали егуликнинг зарари ҳам борми?
Қадимдан зукко аждодларимиз фасллар алмашадиган пайтда инсон вужудида рўй берадиган ўзгаришларни теран англаб, эрта баҳорда организмнинг дармондориларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплайдиган ва кишига саломатлик, куч-қувват бахш этадиган сумалак, ҳалим каби таомлар пиширишган.
Сумалак — баҳор фаслининг энг фойдали неъмати. Уни еб ҳам, ялаб ҳам тўймайди, киши. Бироқ кўпчилик севиб истеъмол қиладиган сумалак ҳаммага бирдек тўғри келавермас экан.
Сумалакнинг шифоси нимада?
Кимёгар олимлар сумалак таркибини текшириб кўришганда унда шакар, оқсил ҳамда С витамини борлигини аниқлашган. 1936 йилда немис олимлари Эмерсон ва Эванс ўтказган тадқиқотлар буғдойда “токоферол” деб аталувчи модда мавжудлиги, у одамгиёҳ таркибида учрайдиган Е витаминининг ўзгинаси эканлигини аниқлашган. Олимларнинг таъкидлашича, сумалак гипертония, сурункали гепатит касалликларига яхши даво бўлиб, қон таркибини яхшилайди, ошқозон-ичак фаолиятини меъёрлаштириб, асабни тинчлантиради.
Билиб қўйган яхши!
Бу баҳорий неъмат микроэлементларнинг кони саналади. Сумалак асосини ундирилган буғдой ташкил этади. Қишдан толиқиб чиққан инсон организмига эса бу неъматнинг фойдаси катта. Чунки ундирилган буғдойда тана саломатлиги учун керак бўлган аксарият микроэлементлар мавжуд. Аммо уни саломатлик учун фойдали экан, деб еявериш ҳам ярамайди.
Ошқозонида муаммоси бор беморларга сумалак ейиш мутлақо тавсия этилмайди. У ошқозон кислотасининг ошишига сабаб бўлади ва беморларда жиғилдон қайнаши кузатилади. Бундай беморлар ошқозон касалликлари айнан баҳор ва куз фаслларида қўзғалишини яхши билишади. Гарчи сумалак табиий маҳсулотлардан тайёрланса-да, ошқозон ва ичак хасталикларини кучайтиришдан ташқари, совуқликни ошириб юбориши мумкин.
• *ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси;
• *панкреатит;
• *холецистит касалликлари
Шунингдек, глютен моддасига аллергияси борларга ҳам сумалак истеъмол қилмасликларини маслаҳат бераман.
Оғир жарроҳлик муолажасини кечирган беморларга (айниқса, кексаларга) ҳам бу неъматни бермай турган маъқул.
Болаларга сумалак мумкин эмас!
Сумалак иммунитетни кўтариб, баҳорги авитаминознинг олдини олади. У нафақат катталарнинг, балки болаларнинг ҳам севимли таомларидан бири ҳисобланади. Аммо билиб олингки, сумалак истеъмолида маълум чекловлар бор. Бу фойдали егулик жондан азиз болажонларимизга мумкин эмас. Чунки унинг ҳазми жуда ҳам қийин, қонга секин сўрилади. Уни билиб-билмай истеъмол қилганда ошқозондаги ҳазм қилиш фаолияти бузилиб, ичи кетиб қолиши ҳам мумкин. Шундай экан, 3 ёшдан кичик болажонларга умуман сумалак едирманг!
5 ёшдан ошган болаларга бир кунда 50 грамм сумалак кифоя.
Бундан ташқари, сумалакни сут ва сут маҳсулотлари, асал ва асалари муми билан биргаликда ейиш ҳам тақиқланади. Чунки сут ва сут маҳсулотлари билан истеъмол қилинганда, қорин дам бўлиши кузатилади. Асал ва асалари муми эса сумалак билан “чиқишмайди”.
Сумалак ҳамманинг ҳам дардига дармон эмас
Гарчи баҳорнинг бу тансиқ таоми сервитамин бўлса-да, у қандли диабети бор беморларга тавсия этилмайди. Чунки сумалак таркибида айнан шу касалликларни қўзғатувчи қанд моддаси бор.
100 г сумалакда 141 кк.бор. Шунинг учун озишни истаб, парҳез тутаётган аёлларга ҳам (гарчи унда фойдали витаминлар бор бўлса ҳам) истеъмол қилмасликларини маслаҳат бераман.
Узоқ сақламанг!
Баъзи хонадонларда сумалакни банкага солиб, қопқоқ билан беркитиб, кўнгли тусаганда очиб ейишади. Аммо шуни унутмангки, сумалакнинг ҳам яроқлилик муддати бор. Яхши пишган сумалак узоғи билан 6-7 кун давомида еб битирилиши керак. Акс ҳолда сумалак яроқсиз ҳолга келади. Унинг таркибида патоген микроблар тўпланиши мумкин. Бу эса ўз навбатида организмнинг заҳарланишига сабаб бўлади.
Агар сумалак истеъмол қилишда, ушбу оддий қоидаларга амал қилинса, унинг организмга зарари йўқ!