August 14

"Шўртан ГКМ" МЧЖда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти кафедраларининг филиаллари очилади

Жорий йилнинг 7 август куни “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва мажмуанинг масъул ходимлари иштирокида учрашув ўтказилди.

Учрашувнинг асосий мақсади илғор муҳандислик мактабини ташкил этиш ва корхона билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган илмий лойиҳаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Учрашув давомида муҳокама қилинган энг муҳим масалалардан бири мажмуада “Нефт ва газни қайта ишлаш технологияси”, Юқори молекулали бирикмалар кимёвий технологияси (полимер),  Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (кимё, нефт-кимё ва озиқ-овқат саноати), “Технологик машиналар ва жиҳозлар (Нефт ва газ соҳаси) таълим йўналишлари кафедраларининг филиалларини очиш ташаббуси бўлиб, бу филиаллар орқали дуал таълим тизимини ташкил этиш режалаштирилгани таъкидлаб ўтилди.

Дуал таълим (бакалавр босқичи), яъни назария ва амалиётни уйғунлаштирган ҳолда ўқитиш, талабаларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга, уларнинг келгусидаги касбий фаолиятига самарали тайёргарлик кўришга имкон берувчи жараёндир.

Мазкур ташаббус жорий йилнинг 20 июнь куни Президентимиз раислигида муҳандис кадрларни тайёрлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади. Шу боисдан, кафедралар филиалларининг ташкил этилиши нафақат таълим сифатига, балки мамлакатимиздаги саноат соҳасининг ривожига ҳам катта ҳисса қўшади.

Тадбир давомида институт профессор-ўқитувчилари томонидан бевосита корхона билан ҳамкорликда амалга оширилиши мўлжалланган 3 та илмий лойиҳа тақдимоти ҳам ўтказилди. Бу лойиҳалар, замонавий технологиялар ва илмий тадқиқотлар асосида энергетика соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

Учрашув давомида ушбу лойиҳаларнинг илмий ва амалий аҳамияти, уларнинг натижаларини реализация қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ва ўзаро манфаатли шерикчилик асосида ишларни олиб бориш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Учрашув самарали бўлиб, тарафлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва амалий натижаларга қаратилган келишувларга эришилди. Бу эса келгусида мамлакатимиз саноатидаги муҳандислик кадрларини тайёрлашнинг янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиздир.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|