June 27

Ёшлар бандлиги йўлида муҳим қадам

Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат фаолиятини йўлга қўйиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш — давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда, 2025 йил 27 июнь куни “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Бош директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Асланов томонидан Қарши туманидаги “Сарой” маҳалла фуқаролар йиғинида ишсиз ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Учрашувда маҳаллада истиқомат қилувчи ишсиз йигит-қизлар, маҳалла еттилиги вакиллари, нуронийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мулоқот давомида ёшларнинг шахсий ташаббуслари, орзу-мақсадлари ҳамда меҳнат фаолиятини бошлашга оид режалари тингланди. Уларнинг мустақил иш бошлаши ва ўзини ўзи банд қилиши учун зарур бўлган жиҳозлар ҳомийлик асосида тақдим этилди. Шунингдек, ёшларни ўйлантираётган турли муаммолар тингланиб, жойида аниқ ечимлар белгиланди.

— Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳар бир ёшда салоҳият ва орзу бор. Биз бугун айнан ана шу имконият эшикларини очиш учун келдик. Орзуни ҳаётга айлантириш учун кўмак керак — биз шу йўлда сизни қўллаб-қувватлаймиз, — деди ўз нутқида Шуҳрат Асланов.

Ташаббус доирасида ёшларга турли йўналишларда ўз фаолиятларини бошлашлари учун зарур ускуналар топширилди. Жумладан, хизмат кўрсатиш соҳасини ташкил этиш мақсадида компьютер жамланмалари, уй шароитида иш бошлаш имконини яратиш учун тикув машиналари, амалий меҳнатни бошлаш учун пайвандлаш аппаратлари, мотокултиватор, триммер ва электр печь, шунингдек, таъмирлаш ҳамда қурилиш соҳаларида фаолият юритиш учун устачилик анжомлари берилди.

— Ёшлар вақтни самарали ўтказиши лозим. Сиз ёшлар билим олиш, касб ўрганиш билан банд бўлишингиз, ҳаётда ўз ўрнингизга эга бўлишингиз шарт. Президентимизнинг талабларига мос равишда, ҳар бир ёшга эътибор, ишонч ва амалий ёрдам керак, — дея таъкидлади сўҳбат давомида Шуҳрат Асланов.

Тадбир доирасида чет элда ишлаш ниятида бўлган ёшлар учун бепул чет тилини ўрганиш курслари ташкил этилиши ҳам белгиланди. Бу ташаббус ёшларнинг халқаро меҳнат бозорида муносиб иштирок этишларига хизмат қилади.

Бундан ташқари, вақтинча бошқа ҳудудларда ёки хорижда меҳнат қилаётган ёшлар билан доимий алоқалар ўрнатиш, уларнинг масалаларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ҳам белгиланиб олди.

Очиқ мулоқот якунида ёшлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ёзиб олиниб, уларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан тегишли масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|