Нефт ва газ соҳаси тараққиёти йўлида таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси
2025 йил 28–29 май кунлари Қарши давлат техника университетида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ билан ҳамкорликда “Нефт ва газ соҳасида кадрлар тайёрлаш сифатини оширишда таълим ва ишлаб чиқариш кластерининг аҳамияти” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Мазкур анжуман илм-фан, таълим ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳага оид муаммоларга замонавий илмий ёндашувларни таклиф қилиш ҳамда амалий ечимларни илгари суриш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Қарши давлат техника университети раҳбарияти, етакчи олимлар, саноат вакиллари ҳамда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖнинг масъул мутасаддилари иштирок этдилар.
Анжуман доирасида беш шўъба (йўналиш) бўйича иш олиб борилди. Шўъбалар нефт-газ соҳаси таълимини инновацион ёндашувлар асосида ривожлантириш, газ-кимё ва энергетика саноатидаги долзарб муаммолар, қазиб олиш жараёнларида замонавий технологиялар, нефт ва газни чуқур қайта ишлаш истиқболлари ҳамда муҳандислик соҳаларида дуал таълим аҳамияти каби мавзуларни қамраб олди.
Кўплаб олимлар ва саноат вакиллари ўзларининг илмий чиқишларида соҳага оид илғор ишланмалар, тажрибалар ҳамда истиқболли технологиялар ҳақида сўз юритди. Шўртан газ кимё мажмуасининг муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган техник эчимлар ва технологик янгиликлар, шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда университетлар олимларининг илмий ишланмалари кенг муҳокама қилинди.
Анжуман доирасида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ томонидан таъсис этилган стипендия дастури ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Бу ташаббус иқтидорли талабаларни рағбатлантириш, уларнинг касбий ўсишига туртки бериш ва саноат соҳасига тайёр кадрлар етиштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Илмий-амалий анжуман якунида шўъба раҳбарлари томонидан умумлаштирилган хулосалар тингланиб, нефт ва газ саноатида кадрлар тайёрлаш сифати, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш, илмий ишланмаларнинг амалиётга жорий этилиши бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Йиғилганлар томонидан ушбу анжуман нефт-газ саноатининг барқарор тараққиёти учун зарур бўлган билимли, малакали ва амалий кўникмага эга кадрларни тайёрлаш йўлида муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилди.