February 25, 2023

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда Тошкент кимё-технология институтининг талабалари учун амалиёт дарслари ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги "Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-309-сонли қарори ижросини таъминлаш ва нефть ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, мазкур соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, кадрларни ўқитишнинг усул ва шаклларини такомиллаштириш орқали таълим сифатини ҳамда меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимига қарашли корхона ва ташкилотларида амалга оширилаётган талабаларнинг амалий ўқув машғулотлари давом этмоқда.

Навбатдаги амалий дарслар, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда Тошкент кимё-технология институтининг нефт ва нефт-газни қайта ишлаш технологияси, нефт-газ кимё саноати технологияси, кимёвий технология (органик моддалар), кимёвий ва нефт-газ кимёвий технологиялари, технологик машина ва жиҳозлар каби таълим йўналишлари бўйича таҳсил олаётган 40 нафар 4-босқич талабалари ва магистрантлари ҳамда 7 нафар профессор-ўқитувчилари учун ташкил этилди.

Ушбу амалиёт давомида, мажмуанинг кўп йиллик тажрибага эга устоз ходимлари томонидан, бўлажак мутахассисларга мажмуа фаолияти ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди. Шунингдек талабалар мажмуада ишлаб чиқариладиган тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларини сақлаш ва ташиш жараёнлари билан танишдилар.

Амалий дарслар талабаларга назарий билимларни амалиётда қўллаш, малакали мутахассислар билан бирга ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этиш ва максимал даражада реал вазиятга яқинлашиш, ўз-ўзини ислоҳ этиш, назарий билимларидаги бўшлиқларни амалиёт ёрдамида тўлдириш имконини беради.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|