June 18

Свердловск вилояти Касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси “Шўртан газ кимё мажмуаси”га ташриф буюрди

Жорий йилнинг июнь ойида Свердловск вилояти Касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатимизда касаба уюшмалари фаолияти, унинг ташкилий тизими ва қонунчилик асослари билан яқиндан танишдилар. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, самарали тажриба алмашиш ва касаба уюшмалари тизимидаги илғор ёндашувларни ўрганишдан иборат бўлди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ҳам бўлиб, корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ходимларга яратилаётган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Меҳмонларга мажмуа тарихи ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, улар корхона ҳудудида ташкил этилган Мажмуа тарихи музейига ташриф буюришди. Музейдаги экспонатлар орқали меҳмонлар мажмуанинг ташкил топган давридан то бугунги кунгача босиб ўтган тараққиёт йўли, йирик лойиҳалар ва амалга оширилган ютуқлар ҳақида тасаввур ҳосил қилишди.

Свердловск вилояти делегацияси аъзолари “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда касаба уюшмаси фаолияти юқори савияда ташкил этилгани, ходимлар манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилинаётганини эътироф этиб, меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдиришди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|