October 31, 2022

Шўртан газ кимё мажмуаси ёш мутахассиси Республика илмий-техникавий анжуманида ғолиблар сафидан жой олди

Жорий йилнинг 26-27 октябрь кунлари Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган “Uzbekistan GTL” заводи маъмурий биносида “Таълим-ишлаб чиқариш кластерида ёшларнинг ўрни” мавзусидаги Республика илмий-техникавий анжумани ўтказилди.

Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-309-сонли қарори ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, анжуманда, Республиканинг 15 дан ортиқ олий таълим ва илмий текшириш институтлари, шунингдек, саноат корхоналарида фаолият юритаётган 100 дан ортиқ ёш олимлар ва мутахассислар қатнашишди.

Конференция дастури доирасида 4 та секция йиғилиши: “Геология-қидирув ишлари ва нефть-газ конларини ишлатишдаги инновациялар”, “Нефть ва газни қайта ишлаш бўйича инновацион тадқиқотлар”, “Нефть ва газ комплексида барқарор ривожланиш (ESG) тизимини такомиллаштириш”, “Нефть ва газ соҳасида рақамлаштириш тизимини такомиллаштириш” мавзуларида бўлиб ўтди.

Анжуманда қатнашаётган ёш олимларни рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ташаббуси билан учта алоҳида номинация бўйича: “Энг яхши амалий лойиҳа”, “Энг яхши инновацион лойиҳа” ва “Энг яхши ёш олим” йўналишлари ҳамда секциялар бўйича ғолибларини аниқлаш юзасидан танловлар ўтказилди.

Унда, Шўртан газ кимё мажмуаси Марказий лабораторияси ёш мутахассиси, ШГКМ келажак лидерлари клуби аъзоси Акбарали Расулов ҳам иштирок этиб, биз юқорида келтириб ўтган номинацияларнинг “Энг яхши инновацион лойиҳа” йўналишида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди!

Мажмуанинг кўп минг сонли ишчи-ходимлари номидан ушбу ютуқ билан Акбарали Расуловни табриклаймиз ва келгуси фаолиятларида, илм-фан соҳасида олиб бораётган изланишларида улкан зафарлар тилаб қоламиз!

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|