December 27, 2024

Шўртан газ кимё мажмуасида йил сарҳисобига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 26 декабрь куни Шўртан газ кимё мажмуасида ўтиб бораётган 2024 йил якунларига бағишланган “Йил сарҳисоби” тадбири бўлиб ўтди.

Тадбир "Шўртан ГКМ" МЧЖнинг 2024 йил якунлари бўйича ишлаб чиқариш ҳамда иқтисодий-ижтимоий фаолияти сарҳисоби акс этган видео-ҳисобот ролиги билан бошланди.

Видеоролик намойишидан сўнг мажмуа Бош директори Ш.Асланов сўз олиб, мажмуа ишчи-ходимларини кириб келаётган янги 2025 йил билан самимий табриклагани ҳолда, 2024 йилда мажмуа томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган ютуқларни эътироф этиб, 2025 йил учун мажмуа олдига қўйилган мақсад ва режалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

Охирлашиб бораётган 2024 йилда юртимиз бўйлаб барча жабҳаларда улкан ютуқлар ва эришилган юксак марралар кўп бўлди. Тарих саҳифаларидан жой олажак ушбу йил муҳим воқеалар, ютуқлар ва синовлари билан мажмуамиз ҳаётида ҳам ўз изларини қолдирмоқда. Жумладан, 2024 йил учун белгиланган барча ишлаб чиқариш режа кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди. Шунингдек, жорий йилда мажмуа тарихидаги энг катта ва мураккаб таъмирлаш ва модернизация ишлари муваффақиятли амалга оширилиб, белгиланган муддатидан 17 кун аввал якунланди. Ижтимоий соҳаларда ҳам мажмуамиз тарихига фахр билан муҳрланса арзирли ишлар, хайрли тадбирлар амалга оширилди. Кўплаб ходимларимиз мамлакат миқёсидаги ҳамда "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизими доирасидаги турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ва йил номинациялари ғолиби бўлишди. Энг қувонарлиси, Этилен ишлаб чиқариш цехи технологик қурилма оператори Элмуродов Шокир Менгноровични ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳадаги кўп йиллик меҳнатларини инобатга олиб, Президент Фармони асосида «Дўстлик» ордени билан тақдирланиши яна бир бор барчамизда фахр ва ғурур ҳиссини уйғотди! 2024 йил давомида Ўзбекистон Олий таълим муассасалари билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорликлар натижасида мажмуада “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Қурилиш ва таъмирлаш соҳасида ҳам мажмуамиз олдига қўйилган ҳукумат даражасидаги топшириқлар ўз вақтида сифатли бажарилиши таъминланди. Хусусан, Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида мажмуага Ғузор туманида «Янги Ўзбекистон» массивини яратиш вазифаси юклатилган эди. Мазкур вазифа уддаланиб, "Шўртан ГКМ" МЧЖ ва "Uzbekistan GTL" МЧЖ ходимлари учун 10 та 200 хонадонли уй қуриб битказилди ва ишчи-ходимларга топширилди. Қолаверса мажмуага қарашли объектларда энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш мақсадида 5,3 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектростанцияси тўлиқ ишга туширилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, вилоятимиз бўйлаб, қарийб 500 гектарга яқин ер майдонларига сувни тежовчи технологиялар жорий этилишига эришилди. Албатта биз эришилган ютуқлар билан тўхтаб қолмаймиз. Кириб келаётган 2025 йилда ҳам сиз билан биргаликда мажмуамизга оид катта-катта режаларни амалга ошириш режаларимиз бор. Мажмуа ва ватанимиз равнақи учун сизлар билан биргаликда янги йилда ҳам бир тану - бир жон бўлиб олға юришдан умидвормиз! Янги 2025 йилни ҳам муносиб кутиб олиб, фахр билан кузатишни мақсад қилган ҳолда барчангизни келаётган байрам билан чин дилдан табриклайман! - деди Шўртан газ кимё мажмуаси Бош директори, Олий мажлис сенати аъзоси Ш.Асланов

Шундан сўнг мажмуада кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида ўзининг фидокорона меҳнати, ташаббускорлиги, ўз касбига ва ишига фидойилиги, ўз касбининг моҳир устаси ҳамда ҳамкасблари ҳурматига сазовор устоз эканлиги билан, меҳнатсеварлиги, интизомлилиги ва шу билан бирга ўзига ва бошқаларга талабчанлиги билан меҳр қозонган, мажмуа ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб, жонбозлик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ходимлар “ШЎРТАН ГАЗ КИМЁ МАЖМУАСИ МЕҲНАТ ФАОЛИ” кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Қуйида “Шўртан газ кимё мажмуаси меҳнат фаоли” кўкрак нишони соҳиблари билан танишишишингиз мумкин:

Шунингдек, кўп йиллик самарали меҳнати, жамиятда фаол иштироки билан юртимиз равнақи ва тараққиётига ҳамда нефт ва газ саноати юксалишига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ходимлар Шўртан газ кимё мажмуаси "ФАХРИЙ ЁРЛИҒИ" ҳамда пул мукофоти билан тақдирландилар.

Қуйида Шўртан газ кимё мажмуаси "Фахрий ёрлиғи" билан тақдирланганлар билан танишишишингиз мумкин:

Шу билан бир қаторда, мажмуа томонидан олиб борилаётган ижтимоий ҳимоя соҳасидаги фаол хизматлари учун ва шу каби ишларда жонбозлик кўрсатиб келаётган бир қатор ишчи ходимлар Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан "ТАШАККУРНОМА" ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Қуйида Шўртан газ кимё мажмуаси "Ташаккурнома"си билан мукофотланганлар билан танишишишингиз мумкин:

Бундан ташқари, Шўртан газ кимё мажмуаси объектларида хавфсизликни таъминлаш, объектларни қўриқлаш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида узоқ йиллик ҳамкорликдаги хизматлари учун бир қатор ҳамкор ташкилотларга мажмуа маъмурияти томонидан "ТАШАККУРНОМА" ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шунингдек, тадбир давомида мажмуада анъанага айланган йилнинг "Энг интизомли меҳнат жамоаси", "Энг самарадор меҳнат жамоаси", "Энг фаол меҳнат жамоаси" ҳамда "Йил ходими" номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида кейинги хабарларимизда батафсил маълумот берамиз.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|