"Шўртан ГКМ" МЧЖда киберхавфсизлик бўйича семинар ташкил этилди
Ахборот технологияларининг ривожланиши, инсоният, жамият ва давлат фаолиятининг барча жабҳаларига интернетнинг кенг миқёсда кириб келиши, бизнес ва технологик жараёнларни янада автоматлаштириш билан бир қаторда ахборот хавфсизлигига амал қилиш талаблари ҳам тобора ошиб бормоқда.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ маъмурияти ҳамда “Ўзкомназорат” инспекцияси Қашқадарё вилояти ҳудудий шуъбаси ҳамкорлигида ходимлар кибер-саводхонлигини ошириш мақсадида, мажмуада киберхавфсизлик бўйича семинар-тренинг ташкил этилди.
Ушбу семинар-тренингда мажмуанинг цех, хизмат, тармоқ ва бўлим бошлиқлари ва тизимга алоқадор ходимлар иштирок етишди.
Семинар давомида ахборот хавфсизлиги, кўп факторли аутентификация, компьютер функцияларини чеклаш, фишинг, кибер-фирибгарларнинг маълумотлар манбаи, мессенжер ва электрон почталарда хабар алмашиш хавфлари, иш фаолияти ва шахсий ҳаёт муҳитини чегаралаш, хабар алмашиш каналлари, мессенжер ва ижтимоий тармоқларда ахборот хавфсизлиги, электрон имзо калитини йўқотиш, сақлаш воситалари билан хавфсиз ишлаш, хавфли дастурий таъминотларнинг компьютерларга тушиш йўллари, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖнинг ахборот инфратузилмасида ахборот ва киберхавфсизлик таъминланганлиги ҳолати бўйича ҳамда ушбу талабларни мазмун моҳияти тўғрисида маълумотлар берилди.
Семинар сўнгида, мажмуа маъмурияти ва “Ўзкомназорат” инспекцияси Қашқадарё вилояти ҳудудий шуъбаси вакиллари, бу каби семинар-тренингларни давомли равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.