October 1, 2021

Шўртан газ кимё мажмуасида узоқ йиллар меҳнат қилиб, устозлик мақомига эришган ва ҳозирда нафақада бўлган фахрийлар учун байрам тадбири ташкил этилди

1 октябрь — "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан Шўртан газ кимё мажмуасида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, ҳозирда нафақада бўлган фахрийлар билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбат бўлиб ўтди.

Тадбирда мажмуа цех, хизмат, тармоқ ва бўлимларида меҳнат қилиб, ҳозирда нафақада бўлган 50 нафар устозлар иштирок этишди.

Тадбирда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бош директори Шухрат Асланов сўзга чиқиб, азиз устозларни бугунги байрам билан муборакбод этди ва ўзининг самимий тилакларини билдирди.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда фахрий устозларимиз ёшларга намуна бўладиган даражада ўзгача бир шукуҳда иштирок этишиб, иш жараёнида бўлиб ўтган ва аллақачон мажмуанинг тарих зарварақларидан жой олишга улгурган вақеа ва ҳодисаларни кўтаринки кайфиятда ёд олишди.

Шунингдек, тадбир давомида устоз ва фахрийлар нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида ҳам ўз ўрнига эга бўлган Шўртан газ кимё мажмуасида меҳнат қилиб келаётган ёш ходимларга ўзларининг самимий тилакларини билдириб, корхонанинг ютуқлари бардавом бўлишида тилакдош бўлишди.

Ўз навбатида, Шўртан газ кимё мажмуаси маъмурияти ҳамда Касаба уюшма қўмитаси томонидан устозларга эсдалик совғалари топширилди.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|