February 22, 2023

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда янги таҳрирдаги “Меҳнат кодекси” ва унинг ижросини таъминлаш бўйича ишчи-ходимлар билан учрашувлар ўтказилмоқда

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Касаба уюшма қўмитаси, Мурожаатлар билан ишлаш ва ижро назорати хизмати, Меҳнатни ташкиллаштириш ва иш ҳақи бўлими, Персонални бошқариш хизмати, Мажмуа бўйича комплаенс назорат хизмати ва Бухгалтерия ҳисоби бўлимининг тегишли мутахассис ходимлари томонидан мажмуанинг цех, тармоқ, хизмат ва бўлимларида ишчи-хизматчилар учун янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, унинг ижросини таъминлаш масалаларига ҳамда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг 2022-2024 йиллар учун тасдиқланган жамоа шартномасининг 2022 йил якунлари бўйича амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган учрашувлар ташкил этилмоқда.

Ушбу учрашувлар орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Меҳнат кодекси” қабул қилинганлиги муносабати билан, унга киритилган ўзгаришлар ва янги нормаларнинг татбиқ этилиши бўйича ходимларга мутахассислар томонидан тушунтиришлар бериб борилмоқда.

Ишчи-хизматчиларга учрашувлар давомида меҳнат муносабатлари, иш берувчи ва ходимларнинг ҳуқуқларини тартибга солишнинг янги нормалари, йиллик асосий таътилларни бериш тартиби, таътиллар жадвали тушунчаси ва мазмун-моҳияти юзасидан кўргазмали тақдимотлар ўтказилмоқда.

Янги “Меҳнат кодекси”нинг кучга кириши ходимларнинг иш шароитларини янада яхшилашга, уларнинг меҳнатлари учун адолатли ҳақ тўланишига, мажбурий меҳнатнинг олдини олишга, ходимларнинг дам олишга бўлган ҳуқуқларини янада кенгайтиришга, пировард натижада иш унумдорлигини оширишга, меҳнат қонунчилигини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштиришга асос бўлиши тушинтирилмоқда.

Шунингдек, ушбу учрашувларда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг 2022-2024 йиллар учун тасдиқланган жамоа шартномасининг 2022 йил якунлари бўйича бажарилган ишлар таҳлили ўқиб эшиттирилиб, мазкур жамоа шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда 2023 йил апрель ойида мажмуада бўлиб ўтадиган Конференцияда иштирок этувчи делегатларни сайлаш масалаларида ишчи-хизматчилар томонидан билдирилган таклифлар тингланмоқда.

Бундан ташқари, учрашувларда мажмуа цех, тармоқ, хизмат ва бўлинма ишчи-ходимлари ўртасида Одоб-ахлоқ қоидалари" ва "Низом"ининг мазмун моҳияти ҳақида, иш ва ишдан ташқари вақтда амал қилишлари шарт бўлган касбий маданият ва хизмат этикасига оид маълумотлар берилмоқда ҳамда ишчи ходимлар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилмоқда.

Учрашувлардан фотолавҳалар:

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|