December 31, 2022

Шўртан газ кимё мажмуасида барча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва режалаштирилган чора-тадбирлар ижобий натижалар билан якунланди.

Жорий йил бошида "Ўзбекнефтгаз" АЖ раҳбарияти томонидан берилган топшириқ ва кўрсатмалар асосида, Шўртан газ кимё мажмуасида барча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва режалаштирилган чора-тадбирлар ижобий натижалар билан якунланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, йил бошида мамлакатимизда юз берган техноген ҳолат – блэкаут натижасида мажмуанинг кўпгина қурилмаларига катта зарар етиб, ишлаб чиқариш ҳолатига ҳам қаттиқ таъсир кўрсатди. Лекин, "Ўзбекнефтгаз" АЖ раҳбарияти томонидан, авария ҳолатини бартараф этиш учун ўз вақтида яратилган имкониятлар, берилган кўрсатмалар сабабли ва шунингдек, мажмуа мутахассисларининг мажмуа олдига қўйилган топшириқларни тўғри англаган ҳолда аҳиллик, илм ва тартиб билан амалга оширган ҳаракатлари эвазига, юқори технологияли ускуна ва мураккаб қурилмаларга етган катта зарарларга қарамасдан авария оқибатлари бу каби ҳолатларга хос бўлмаган ўта қисқа муддатда бартараф этилди. Бунда мажмуада қурилма ва ускуналарни таъмирлаш ишларини тизимли ва ўз вақтида, марказлаштирилган ҳолда ташкиллаштирилиши учун жамият бошқаруви раиси томонидан яратиб берилган шарт-шароитларнинг роли катта бўлди.

2022 йил давомида мажмуа жамоасининг ўзларига юклатилган вазифаларини масъулият билан амалга оширганликлари, белгиланган режа ва топшириқларни ўз вақтида бажарганликлари эвазига, мажмуа олдига қўйилган барча режа ва мақсадлар муваффақиятли амалга оширилди ва авария оқибатида йўқотилган вақт ва ресурсларга қарамасдан барча ишлаб чиқариш кўрсаткичларни ижобий ҳолатга олиб чиқиш уддаланди.

Шу қаторида мажмуада 2022 йил давомида 4,031 миллиард куб метр (режага нисбатан 100,8 фоиз) табиий газ хомашёси чуқур қайта ишланди. Натижада 127,3 минг тонна (режага нисбатан 101,9 фоиз) полиэтилен, 111,2 минг тонна (режага нисбатан 103,7 фоиз) суюлтирилган газ, 3,395 миллиард куб метр (режага нисбатан 100,7 фоиз) тозаланган метан гази, 99,1 минг тонна (режага нисбатан 101,5 фоиз) газ конденсати маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Юқорида айтиб ўтилганлардан ташқари 2022 йилда барқарорликни таъминлаш мақсадида Шўртан бош иншоотидан “Шўртан газ кимё мажмуаси” ва “Uzbekistan GTL” заводлари учун қўшимча равишда узунлиги 33 км.ни ташкил этадиган газ қувурлари ётқизиш ишлари муваффақиятли амалга оширилди.

Мажмуада 21 йилдан ортиқ вақт мобайнида ишлатилиб келинаётган, ҳам маънан, ҳам жисмонан эскирган бир қанча технологик қурилма ва ускуналарни, тизимларни босқичма босқич модернизация қилиш ишлари бошлаб юборилди.

Лойиҳа қиймати 80 млрд.ни ташкил этадиган “Uzbekistan GTL”дан юқори босимли буғ, буғ конденсати ва газ ҳолатидаги азот бериш қувурларини тортиб келиш ишлари бошланган.

Ушбу лойиҳалар орқали мажмуада технологик қурилмаларнинг ишончлилиги ва самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

| web-sayt | telegram | YouTube |