October 28

Вазир “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди

Жорий йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда бўлиб, яқинда ўз фаолиятини бошлаган “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди.

Вазир дастлаб, илғор муҳандислик мактаби ўқув биноси ва лабораторияларида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Талабалар билан мулоқот олиб борди.

Шундан сўнг, мажмуа раҳбари Ш.Асланов томонидан корхона ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўртасидаги истиқболли режалар тақдимот қилинди. Тақдимот давомида Шўртан газ кимё мажмуасидаги муаммолар ечимига қаратилган 3 та йирик лойиҳа институтнинг профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда амалга оширилаётгани таъкидланди.

Вазир томонидан олий таълим ва корхона интеграциясига асосланган янги йўналишдаги мактабларни очиш юзасидан тавсиялар берилди.

Ўз навбатида, илғор муҳандислик мактаби ташкилотчилари томонидан ҳам магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, "Газ-кимё ва энергетика" илғор муҳандислик мактабида нефт ва газни қайта ишлаш технологияси, электр таъминоти ва кимёвий технология мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.

Ушбу даргоҳда 2024-2025 ўқув йили давомида 24 нафар магистр, 6 нафар ёш олим ва докторантлар илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш, корхонанинг илмий технологик муаммолари бўйича жами 3,0 млрд. сўмлик 3 та илмий лойиҳа бажарилиши режалаштирилган.

Илғор муҳандислик мактаби талабаларига Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда Малайзиянинг Петронас технологиялар университети, Германиянинг Дрезден техника университети, Россиянинг Томск техника университети, Беларус миллий техника университети профессор-ўқитувчилари, корхонанинг кўп йиллик тажрибага эга малакали мутахассислари сабоқ беради.

Шунинг баробарида дарс машғулотлари жаҳондаги ТОП-300 университетларнинг чуқурлаштирилган модулли ўқув дастурлари, ўқув режалари, хорижда чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар асосида ўтказилади.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|