September 24

Ўқувчи ёшлар учун "Шўртан ГКМ" МЧЖ ҳамда “Uzbekistan GTL” МЧЖ заводларига экскурсия ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги ПҚ-309 - сонли "Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, И.М.Гупкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали академик лицейи ҳамда Ғузор тумани 68-сонли давлат ихтисослаштирилган умумий таълим мактаби ўқувчилари учун жорий йилнинг 19-20 сентябрь кунлари "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ва "Uzbekistan GTL" МЧЖ заводларига экскурсия ташкил этилди.

Экскурсия доирасида ўқувчи ёшлар "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ва "Uzbekistan GTL" МЧЖ заводларининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишув давомида ёшларга корхоналар томонидан бириктирилган малакали мутахассислар ҳамроҳлик қилишди ва ёшларга мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутган мазкур икки йирик заводнинг ўзига хос фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар беришди.

Заводлардаги юқори технологияларга асосланган қурилмалар ва ускуналар ёшларда катта қизиқишлар уйғотди ва улар ўзларига ҳамроҳлик қилаётган мутахассислардан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.

Шунингдек, мазкур экскурсия давомида узоқ йиллар давомида нефт ва газ саноатида меҳнат қилиб келаётган тажрибали муҳандислар, фахрийлар ва ёшлар ўртасида учрашув ташкил этилди.

Учрашув давомида сўзга чиққанлар, фахрийлар ҳаёт йўли, соҳа ривожи учун амалга оширган ишлари, бу йўлда учраган машаққатлар ва қийинчиликлари хусусида ёш авлод вакилларига ҳикоя қилиб берди. Киши ўз олдига мақсад қўйиши ва келажагини режалаштириши лозимлиги, бу йўлда албатта унга муаммолар учраши ва бу муаммолардан билими, салоҳияти ва интилишлари билан енгиши лозимлиги ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, уч авлод учрашувига айланган ушбу экскурсия, ёш авлод вакилларининг ўзлари танламоқчи бўлаётган соҳа, нечоғлик мураккаб эканлиги билан бирга шарафли эканлигини англашларига хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|