“Шўртан ГКМ” МЧЖнинг 2024 йилги фаолияти сарҳисоб қилинди
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бошқарув аппаратида мажмуанинг 2024 йил якунлари бўйича йиллик фаолияти таҳлили, ишлаб чиқариш режа кўрсаткичларининг бажарилиш ҳолати ҳамда 2025 йилга белгиланган асосий вазифа ва топшириқларнинг бажарилишини таъминлаш борасидаги масалаларга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда 2024 йил давомида мажмуанинг ишлаб чиқариш фаолияти ҳамда иқтисодий-ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишлар натижалари муҳокама қилинди.
Дастлаб, 2024 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш учун белгиланган режа кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилганлиги маълум қилинди:
Хом-ашё гази – 4 млрд 208 млн.м³ қабул қилинди, режа кўрсаткичи бажарилиши 108 фоизни ташкил этди (ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати – 101%);
Тозаланган табиий газ – 3 млрд 553 млн.м³ ишлаб чиқарилди, режа кўрсаткичи бажарилиши 108 фоизни ташкил этди (ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати – 102%);
Газ конденсати – 106 минг тонна ишлаб чиқарилди, режа кўрсаткичи бажарилиши 119 фоизни ташкил этди (ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати – 102%);
Суюлтирилган газ – 126 минг тонна ишлаб чиқарилди, режа кўрсаткичи бажарилиши 119 фоизни ташкил этди (ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати – 107%);
Олтингугурт – 1.321 тонна ишлаб чиқарилди, режа кўрсаткичи бажарилиши 165 фоизни ташкил этди (ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати – 145%);
Полиэтилен – 137,6 минг тонна ишлаб чиқарилди, режа кўрсаткичи бажарилиши 110 фоизни ташкил этди (ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати – 104%);
Йиғилиш давомида 2024 йилда мажмуанинг ишлаб чиқариш ва иқтисодий-молиявий фаолияти соҳа мутахассислари томонидан таҳлилий тақдимот қилинди. Шунингдек, меҳнат хавфсизлиги, режали таъмирлаш, йиллик харид кўрсаткичлари, қурилиш ва таъмирлаш, кадрлар сиёсати, меҳнат муносабатларига доир таҳлилий-солиштирма маълумотлар ҳамда мажмуанинг ижтимоий соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар таҳлил этилди.
Ишлаб чиқариш жараёнлари узлуксизлигини таъминлаш мақсадида барча зарурий кимёвий реагентлар ва материаллар харидини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, жорий йил май ва октябрь ойларида ўтказилиши режалаштирилган жорий таъмирлаш ишларига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда ишчи-ходимларга қулай меҳнат шароитларини яратиб бериш устувор вазифалар эканлиги таъкидланди.
Йиғилишда келгyсида амалга ошириладиган ишлар кенгайтирилган тартибда муҳокама этилиб, Бош директор томонидан барча масъулларга берилган чора-тадбирларни ўз вақтида ижросини таъминлаш борасида топшириқ ва кўрсатмалар берилди.