"Келажак лидерлари" клуби ва "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ёшлари ўртасида дўстлик учрашуви ташкил этилди
Жорий йилнинг 27-28 май кунлари Иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари - "Келажак Лидерлари"ни шакллантирамиз лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилояти "Келажак лидерлари" клуби ва "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ёшлари ўртасида дўстлик учрашуви ташкил этилди.
Дастлаб, меҳмонлар кутиб олиниб, мажмуа раҳбарияти ва давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги вакиллари иштирокида "Келажак лидерлари" клуби аъзолари ва мажмуа ёшлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Суҳбат якунида меҳмонларни заводнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан таништирилди.
Учрашувнинг иккинчи қисми эса, "Шуртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ тасарруфидаги "Лочин" болалар дам олиш оромгоҳида бўлди.
Ҳар иккала томон ўртасида дўстона муҳит яратиш ва қолаверса соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган ҳатти-ҳаракатларнинг кейингиси, иштирокчилар ўртасида футбол бўйича ўртоқлик беллашуви бўлди.
Кун якунида иштирокчилар маданий хордиқ чиқаришлари учун гитара жўрлигидаги жонли ижрода мусиқа тинглаб, дилтортар қўшиқлар ижрочисига қўшилиб куйлаш имкониятига эга бўлдилар.
Иккинчи кун боши эса Шаҳрисабз туман прокурори ўринбосари Н. Раҳимовнинг Коррупциявий ҳолатлар ва уларни олдини олиш борасидаги бажарилаётган ишлар хусусидаги маърўзалари ва ушбу ишларга иштирокчиларнинг муносабатлари хусусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Сўнг иштирокчилар ўртасида "Заковат" беллашуви ташкил этилди.
Беллашув музокарали ҳолатлар, қизғин баҳсларга бой руҳда ўтиб якдил ғолиб жамоани аниқлаш ташкилотчиларга ҳам бир мунча қийинчилик туғдирди десак муболаға бўлмайди.
Тадбирнинг иштирокчилар учун унутилмас ва уларга яхшигина ҳаётий сабоқ бўладиган қисми Шаҳрисабз туман ҳокими билан бўлиб ўтган мотивацион суҳбат бўлди, десак, адашмаган бўламиз. Сабаби, туман раҳбарининг ҳозирги кунга қадар босиб ўтган йўли, ушбу давр мобойнида ҳар бир ҳолатдан чиқарган шахсий хулосаларига йўғрилган ва ушбу хулосаларга сабаб бўлган ҳаётий деталларга асосланган киритмалари қатнашчиларда қизиқиш уйғотди.
Суҳбат якуни тадбирнинг ёпилиш маросимига уланиб, икки кун мобойнида ташкил этилган турли тадбирлар, спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бир сўз билан айтганда икки кунлик тадбир, мажмуа ёшлари ва вилоят "Келажак лидерлари" клуби аъзолари ўзаро дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга ва қолаверса келажакда асқотиши мумкин бўлган яна бирқанча кўникмаларни ўзлаштиришларига хизмат қилгани билан улар учун жуда ҳам аҳамиятли бўлди.