Бир гуруҳ иқтидорли талабалар Шўртан газ кимё мажмуасининг навбатдаги стипендияси соҳиби бўлишади (Фото)
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ томонидан Республикамизда фаолият юритаётган Олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда олиб борилаётган амалий ва натижадор ишлар 2022 йилда ҳам давом этмоқда.
Жорий йилнинг 15 феврал куни “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Бош директори, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг фахрий профессори Шуҳрат Асланов Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтига ташриф буюриб, институтнинг битирувчи талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Очиқ мулоқот жараёнида Ш.Асланов томонидан ҳаётий тажрибадан келиб чиқиб билдирилган фикр-мулоҳазалар иштирокчиларда қатта қизиқиш ўйғотди ва шу ўринда талабалар ҳам ўзларини қизиқтирган савол ва таклифларини билдириб ўтишди.
Очиқ мулоқотдан сўнг, Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан таъсис этилган стипендияга даъвогар талабалар билан имтиҳон жараёнлари бўлиб ўтди. Унда 250 нафардан ортиқ талаба иштирок этди ва яхши натижага эришган талабалар 2-босқичга йўлланмани қўлга киритадилар. Бу босқичда талабаларнинг ўз соҳаси бўйича билим даражасини аниқлаш суҳбат асосида амалга оширилади.