Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ фаолияти билан танишди
Жорий йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари “Uzbekistan GTL” МЧЖ ҳамда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда бўлиб, бу ерда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда саноат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Дастлаб ишчи гуруҳ аъзолари “Uzbekistan GTL” МЧЖда бўлиб, корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, хавфсизлик тизими, шунингдек, ўтказилган тактик ўқув-машғулотларни кузатдилар. Ушбу машғулотлар жараёнида ишлаб чиқариш хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва авария ҳолатларида ҳаракатланиш тартиби, ҳамкорликдаги тезкор чоралар кўриш бўйича тажрибалар ўрганилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖга ташриф буюриб, мажмуанинг технологик ҳудуди, ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда мавжуд хавфсизлик инфратузилмаси билан танишдилар. Ташриф давомида меҳмонларга мажмуада табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, яқинда модернизация қилинган технологик жараёнларнинг автоматик бошқарув тизимлари, рақамлаштириш ечимлари ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий лаборатория фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, меҳмонларга мажмуада киберхавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, ахборот тизимларининг ҳимоя даражасини ошириш ҳамда иш жараёнларида рақамли хавфсизликни кучайтириш мақсадида жорий этилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Жумладан, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда “1С: ERP” корхона бошқарув тизимининг муваффақиятли жорий этилгани таъкидланди. Маълумки, мазкур тизим "Ўзбекнефтгаз" АЖ таркибидаги корхоналар орасида илк бор айнан мажмуада амалга киритилган бўлиб, у ишлаб чиқариш, молия ва ресурсларни бошқариш жараёнларини ягона электрон муҳитда мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда.
Ташриф давомида меҳмонларга мажмуада ишлаб чиқарилаётган асосий маҳсулотлар — полиэтилен грануласи, тозаланган табиий газ, газ конденсати, суюлтирилган газ ва олтингугурт, шунингдек, полиэтилен хом-ашёсини қайта ишлаш натижасида тайёрланадиган қўшимча маҳсулотлар — полиэтилен қувурлар, фитинглар, канистрлар, алюмин композитли панеллар, томчилатиб суғориш тизими учун эгилувчан қувурлар ва уларнинг боғловчи қисмлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Ташриф якунида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ишлаб чиқариш хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, техноген хавф омилларини камайтириш, хавфсизлик маданиятини ошириш ҳамда замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Қутбиддин Бурҳонов ва ишчи гуруҳ аъзолари мажмуада яратилган замонавий иш шароити, хавфсизлик тизимларининг юқори даражада ташкил этилгани, ходимлар малакаси ҳамда иш жараёнларининг самарадорлигини юқори баҳолаб, “Шўртан газ кимё мажмуаси”нинг мамлакатимиз саноат соҳасидаги илғор ва инновацион корхоналардан бири эканини таъкидладилар.
Мазкур ўрганишлар доирасида Ўзбекистон саноат тармоқларида хавфсизлик тизимларини янада такомиллаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларида барқарорликни таъминлаш ва фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича ягона ёндашувни шакллантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.