August 29

Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги байрами муносабати билан "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз!" бош ғояси остида "Истиқлол байраминг муборак бўлсин, она диёрим!" деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бош директори Асланов Шухрат Чариевич кириш сўзи билан очиб бериб, кўп минг сонли мажмуа жамоасини Мустақиллигимизнинг 33 йиллик шодиёналари билан ҳамда яқинлашиб келаётган "Нефт ва газ саноати ходимлари куни" билан қутлади. Табрик давомида Шухрат Чариевич мажмуамизга нисбатан давлатимиз раҳбарининг юксак эътиборлари ҳақида алоҳида фахр билан таъкидлаб ўтган ҳолда, жамоанинг барча аъзоларига сидқидилдан қилинаётган меҳнатлари, аҳиллик ва жонкуярликлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Тадбир, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони билан "ДЎСТЛИК" ордени билан тақдирланган Этилен ишлаб чиқариш цехи технологик қурилма оператори Элмуродов Шокир Менгноровични даврага таклиф этиш билан бошланди.

"Дўстлик" ордени соҳиби Шокир Менгнорович мажмуа жамоасидан табрик ва қутловларни қабул қилиб олар экан: Камтарона фаолиятимизни, меҳнатимизни юқори баҳолаб ушбу орденга лойиқ кўрганлари учун авваламбор муҳтарам президентимизга миннатдорчилик билдираман! Шунингдек, мени қўллаб-қувватлаган аҳил жамоамизга ва раҳбариятимизга катта раҳмат! Ушбу ютуқ нафақат мени, балки бутун мажмуа жамоасининг ютуғидир! Барчани Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Мажмуамиз тараққиёт этиб бораверсин! - деб давлатимиз раҳбари, мажмуа жамоаси ва раҳбариятига ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

Давлатимиз раҳбарининг мажмуамиз жамоасига бўлган бу каби юксак эътибори жамоани жуда-жуда қувонтирди.

Шундан сўнг, мамлакатимизда нефт ва газ саноати тармоғининг юксалиши йўлидаги кўп йиллик самарали хизматлари эътиборга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги ҳамда нефт ва газ саноати ходимларининг касб байрами муносабати билан мажмуанинг 15 нафар ишчи-ходимларини “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда мажмуа маъмурияти томонидан корхонада узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келаётган ишчи-ходимларнинг яна 25 нафари Шўртан газ кимё мажмуаси “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланди.

Барча фахрий ёрлиқ соҳиблари шунингдек пул мукофотлари билан ҳам тақдирландилар.

Кўтаринки руҳда ва "Дўстлик" ордени билан мукофотланиш каби хушхабарлар билан бошланган тадбирнинг 2-қисмида мажмуада ишчи-ходимларнинг бўш вақтларини кўнгилли ва мазмунли ўтказиш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларга ўз имкониятларини юзага чиқариш учун шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган “Қувноқлар ва Зукколар” кўрик-танловининг 3-саралаш босқичи беллашувига старт берилди.

Беллашувда мажмуа Касаба уюшма қўмитаси ва Ёшлар иттифоқи ШГКМ БТнинг бирлашган “Божалар”, Мажмуа хотин-қизлар БТнинг “Қувноқ қизлар” ҳамда Умумий овқатланиш цехи ҳамда Маиший хўжалик цехининг бирлашган “Шунчаки” жамоалари иштирок этишиб, байрам кайфиятини янада кўтаришди.

Иштирок этган жамоалар кўрик-танлов Низомига мувофиқ учта шарт бўйича ўзаро беллашишиб, шарт меъзонлари асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди.

Беллашув якунига кўра, Умумий овқатланиш цехи ҳамда Маиший хўжалик цехининг бирлашган “Шунчаки” жамоаси энг юқори балл билан ушбу саралаш босқичи ғолиблигини қўлга киритди ва кейинги босқичга йўл олди.

“Қувноқлар ва Зукколар” кўрик-танловининг 3-саралаш босқичи беллашуви натижалари:

Тадбир якунида, иштирок этган жамоа аъзоларига мажмуа маъмурияти ҳамда Касаба уюшма қўмитаси томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилиб, тадбирга якун ясалди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|