"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги ўтказилмоқда
Бугунги кунда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш дунё миқёсидаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Табиат неъматларидан фойдаланилганда аввало тежамкор технологиялардан фойдаланишни йўлга қуйиб атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш энг муҳим вазифалардан биридир.
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Атроф муҳит муҳофазаси хизматининг ташаббуси билан мажмуамизда жорий йилнинг 20 февралидан 20 мартигача Наврўз умумхалқ байрамига муносиб тайёргарлик кўриш ҳамда мажмуада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлигини ўтказиш мақсадида мажмуа Бош директори ва Касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда 17.02.2023 йилда 090/4-м сонли чора тадбирлар ишлаб чиқилди.
Ушбу чора-тадбирлар доирасида мажмуа ҳудуди ва унга қарашли барча объектларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, ер майдонларига агротехник ишлов бериш, гул ва дарахт кўчатлари экиш, дарахт ва буталарга шакл бериш, қудуқлар ва ариқлар ичини тозалаш, йўл чети тўсиқларини (бардёрлар) оқлаш, қурилмалар ҳудуди ва атрофини тозалаш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Бу борада мажмуа марказий лабораторияси ходимлари бошқа цехларга намуна сифатида ўрнак бўлмоқда. Ҳозирги кунга қадар лаборатория ҳудудига 53 дона манзарали дарахтлар экилди, жами 570 дона мевали ва манзарали дарахтларга ишлов берилди, дарахт остлари ва йўл чети тўсиқлари (бардёрлар) оқланди, 1500 дона гул кўчатлари экилди.
Маълумки бугунги кунда юртбошимиз томонидан ҳам ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда. Зеро, ҳар бир экилган ниҳол келажакда улкан дарахтга айланиб, табиатнинг гўзаллигини, атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлашда муҳим омил бўлади.