February 19

"Шўртан ГКМ" МЧЖ: 2024-2025 ўқув йили учун мўлжалланган "Амалиёт дастури" танлови ғолибларини эълон қилади!

Нефть-газ соҳаси учун малакали кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида Шўртан газ кимё мажмуаси ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамкорлигида навбатдаги амалий танлов муваффақиятли якунланди.

2024-2025 ўқув йили учун ташкил этилган мазкур танлов доирасида институтнинг “Иссиқлик энергетикаси”, “Электр энергетикаси”, “Технологик машиналар ва жиҳозлар”, “Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш”, “Юқори молекуляр бирикмалар” ҳамда “Нефт ва газни қайта ишлаш технологияси” йўналишларида таҳсил олаётган 3-босқич талабалари орасидан энг муносиблар саралаб олинди.

Икки босқичда ўтказилган танлов жараёнида талабаларнинг назарий билимлари ва касбий тайёргарлик даражаси синовдан ўтказилди. Биринчи босқичда ёзма тест синовлари ташкил этилган бўлса, иккинчи босқичда номзодлар билан суҳбат ўтказилди. Натижада, 24 нафар талаба "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг "Амалиёт дастури"да иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

"Амалиёт дастури" доирасида ғолиблар корхонада амалиёт ўташлари давомида ишлаб чиқариш жараёнлари, технологиялар ва ускуналар билан яқиндан танишадилар. Бу эса уларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, мутахассис сифатида тажриба орттиришларига хизмат қилади.

Шўртан газ кимё мажмуаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай танлов ва дастурларни 2019 йилдан бери мунтазам равишда ташкил этиб, соҳага малакали мутахассислар тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Танлов ғолибларини чин юракдан муборакбод этамиз ҳамда танловда қатнашган барча иштирокчиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирган ҳолда, уларнинг илм олишлари ва кейинги фаолиятлари давомида юқори марраларни забт этишларида омад ва зафарлар тилаймиз!

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|