January 30

Шўртан газ кимё мажмуасида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар юқори баҳоланди

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли Ўта муҳим ва тоифаланган объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бошқармаси бўлими бошлиғи, полковник Мухаммадзияев Тапил Равшанович бошчилигидаги ишчи гуруҳ "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖга ташриф буюрди.

Ташриф давомида меҳмонлар мажмуа ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Хусусан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича хизмат қилаётган ходимларнинг самарали фаолият юритиши учун ташкил этилган замонавий бино ва иншоотлар, барча қулайликларга эга ошхона, ўқув машғулотларини ўтказиш учун махсус майдон ва аудиториялар, шунингдек, ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида барпо этилган спорт зали, тренажёр зали ҳамда мини футбол майдони кўздан кечирилди.

Полковник Т. Мухаммадзияев ушбу инфратузилманинг фавқулодда вазиятлар бўлинмалари самарадорлигини оширишдаги муҳим ўрнини эътироф этиб, мажмуа раҳбариятига яратилган имкониятлар учун миннатдорчилик билдирди.

Ташриф якунида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Шўртан газ кимё мажмуасида хавфсизликни таъминлаш ва ходимлар учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолаб, мажмуадаги хавфсизлик тизимини янада такомиллаштириш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасидаги ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|