May 20

“Шўртан ГКМ” МЧЖда атмосфера ҳавосини узлуксиз мониторинг қилиш мақсадида замонавий махсус стационар кузатув пункти ўрнатилди

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖнинг Ишчилар шаҳарчасида атмосфера ҳавосини узлуксиз мониторинг қилиш мақсадида замонавий махсус стационар кузатув пункти ўрнатилди.

Мазкур стационар кузатув пункти мажмуада мавжуд аввалги стационар кузатув пунктдан фарқли ўлароқ атмосфера таркибидаги олтингугурт IV оксиди, ис гази, азот оксиди, азот IV оксиди каби газларни юқори аниқликда таҳлил қилиш имкониятига эгадир.

Шунингдек, стационар кузатув пунктида метеостанция ҳам мавжуд бўлиб, бу станция орқали шамол тезлиги ва йўналишини, ҳаво босими ҳамда намлигини, шудринг нуқтасини, ҳаво ҳарорати ўзгаришини узлуксиз мониторинг қилиб бориш мумкин.

Ҳозирда ушбу стационар кузатув пункти кўрсаткичларини мажмуанинг экоаналитик лабораторияси ва ишлаб чиқариш диспетчерлик хизматигага онлайн узатиш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари анализатор ва метеостанция кўрсаткичлари Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги Узгидромет агентлигига интеграция қилиш режалаштирилган.

Бундай замонавий автоматик назорат тизимларнинг ўрнатилиши хўжалик субъектларнинг фаолиятини халқаро талабларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, фавқулодда вазиятлар ва авариявий ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган тезкор чоралар қабул қилинишига эришилади.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|