June 8, 2022

Конституциямизни янгилашда - халқ фикри асосий мезон

Шу йил 20 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қўшма мажлисида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия ташкил этилганлиги ҳақида эшитгансиз. Комиссия аъзолари Бош Қомусимизни ислоҳ қилиш бўйича билдирилаётган таклифларни ўрганиш мақсадида жойларда учрашувлар ўтказмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, OzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов ва O`zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси, “Шўртан газ кимё мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти бош директори Шуҳрат Асланов иштирокида “Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш” бошқармасида ўтказилди.

Корхона ишчи-ходимлари ва партия фаоллари қатнашган мазкур учрашув қизғин фикр алмашувлар тарзида ўтиб, унда Конституциямизни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар ҳам билдирилди.

Учрашувда O'zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича илгари сурилган ташаббуслар партияларнинг мақсад ва вазифалари ҳамда сайловолди дастурлари билан ҳамоҳанг эканлиги билдириб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича илгари сураётган таклифини тўлақонли амалга оширишда нафақат депутатлар, балки корхона ишчи-ходимлари, кенг жамоатчилик ва халқимиз бирлашган ҳолда ушбу ислоҳотларни рўёбга чиқаришда асосий драйвер бўлиши кераклиги қайд этилиб, айни пайтда Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасида https://meningkonstitutsiyam.uz/ портали орқали ўзларининг таклифларини билдиришлари мумкинлиги маълум қилинди.

Шунингдек, тадбирда Конституциявий ўзгаришларни “Инсон қадри учун”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлиги янада юксалишига, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган ислоҳотларни қатъий давом эттириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиши алоҳида таъкидланди.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати