Ишчи-хизматчилар билан очиқ мулоқот: Жамоа шартномаси ижроси бўйича учрашувлар бўлиб ўтмоқда
Айни кунларда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда 2023-2025 йилларга мўлжалланган Жамоа шартномасининг 2024 йил якунлари бўйича амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Учрашувларда мажмуа Касаба уюшма қўмитаси, Мурожаатлар билан ишлаш ва ижро назорати хизмати, Меҳнатни ташкиллаштириш ва иш ҳақи бўлими, Персонални бошқариш хизмати ва Бухгалтерия ҳисоби бўлимининг тегишли мутахассис ходимлари иштирок этмоқдалар.
Мазкур учрашувлар доирасида ишчи-хизматчиларга Жамоа шартномасида назарда тутилган тадбирларнинг 2024 йилдаги ижроси ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда. Шунингдек, жамоа шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишчи-ходимларнинг таклифлари тингланиб, берилган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилмоқда.
Учрашувлар давомида меҳнат муносабатлари, иш берувчи ва ходимларнинг ҳуқуқлари, қонунчиликдаги янги нормалар, шу жумладан, йиллик асосий таътиллар ва уларни бериш тартиби ҳақида маълумотлар берилмоқда.
Бундан ташқари, учрашувларда мажмуа цех, тармоқ, хизмат ва бўлимлар ишчи-ходимлари ўртасида одоб-ахлоқ қоидалари, иш ва ишдан ташқари вақтда амал қилишлари шарт бўлган касбий маданият ва хизмат этикасига оид маълумотлар тақдим этилмоқда.
Бу учрашувлар нафақат амалга оширилган ишлар таҳлилини ходимларга етказиш, балки келажакда амалга ошириладиган барча ислоҳотлар ҳақида ишчи-ходимларга тўлиқ ва фойдали маълумотларни тақдим этиш, шунингдек, очиқ мулоқотлар орқали уларни қийнаётган муаммоларини эшитиш ва самарали ечимлар топишга қаратилган.