Шўртан газ кимё мажмуасида "Siemens Energy" AB компанияси вакиллари билан “Dual касбий-техник таълим” дастури асосида мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 19 январь куни "Siemens Energy" AB компанияси вакиллари билан компания мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган “Dual касбий-техник таълим” дастури асосида мажмуа мутахассисларини малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнида "Siemens Energy" AB компанияси билан ҳамкорликда мажмуа ўқув марказида мавжуд малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари бўйича назарий ва амалий ўқув машғулотларини олиб бориш учун жалб қилинадиган корхонанинг кўп йиллик тажрибага эга бўлган етакчи мутахассисларини Германия таълим технологиялари асосида педагогик маҳоратини ошириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Маълумот учун, 2021 йилнинг август ойида Шўртан газ кимё мажмуаси ҳамда "Siemens Energy" AB компанияси ўртасида корхонанинг асосий қурилмаларидан бири бўлган газ турбинасига профилактик ва фавқулодда хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилиб, ушбу шартнома асосида мажмуанинг бир гуруҳ мутахассислари Швециянинг Финспонг шаҳрида жойлашган "Siemens Energy" AB компаниясини малака ошириш марказида ўзларининг маҳоратларини оширишган эди.