March 31, 2023

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ишлаб чиқариш экологик назорати ўтказилмоқда

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда, хусусан бугунги кунда мажмуада мунтазам равишда ишлаб чиқариш экологик назорати ўтказиб келинмоқда.

Шу ўринда экологик назорат ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак.

Экологик назорат - бу атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва жамоатчилик чора-тадбирларидир.

Экологик назоратнинг асосий вазифалари:

- атроф муҳит ҳолатини кузатиб бориш, атроф муҳитнинг ифлосланишига, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиниши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш;

- амалга оширилаётган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш;

- юридик ва жисмоний шахсларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш;

- атроф муҳитдаги ўзгаришлар, унинг прогноз қилинаётган ҳолати, табиий ресурслардан фойдаланилиши ва кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларни ҳамда фуқароларни хабардор қилиш;

- табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлашдир.

Экологик назоратнинг турлари қуйидагилардан иборат:

1.     Давлат экологик назорати;

2.     Идоравий экологик назорат;

3.     Ишлаб чиқариш экологик назорати;

4.     Жамоатчилик экологик назорати.

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ишлаб чиқариш экологик назоратини ўтказиш Атроф муҳит муҳофазаси хизмати муҳандис-техник ходимлари зиммасига юклатилган. Мажмуанинг 28.12.2022 йилдаги № 090/377 сонли буйруғи асосида, Атроф муҳит муҳофаза хизмати муҳандис – экологлари томонидан 2023 йил бошидан, ишлаб чиқариш экологик назорати олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида 12 та цехда ишлаб чиқариш экологик назорати ўтказилди. Мазкур назорат давомида цехларга соҳага доир тегишли кўрсатмалар ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, тадбир давомида муҳандис – экологлар томонидан мажмуа ишчи-ходимлари ўртасида экологик маданиятни шакллантириш мақсадида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Буни биргина Ташқи сув таъминоти цехи мисолида кўрадиган бўлсак, ўтказилган ишлаб чиқариш экологик назоратида цех муҳандис-техник ва ишчи-ходимларига табиатни муҳофаза қилиш, сув ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда муҳофаза этиладиган ҳудудлар, флора ва фаунани сақлаш ҳақида умумий тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шу билан бир қаторда мухандис-экологлар, Ташқи сув таъминоти цехи томонидан суғориш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, бу борада цех ходимларига ўз тавсияларини ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|