March 6, 2022

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Шўртан газ кимё мажмуасида меҳнат қилиб келаётган хотин-қизлар учун байрам тадбири ташкил этилди

Юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жаннат пойида бўлган мўътабар оналаримизни эъзозлаш, уларнинг фарзанд тарбияси ва юрт келажаги йўлидаги жонкуярликларини қадрлаш, шунингдек, мунис аёлларимиз ва суюкли опа-сингилларимизни ардоқлаш халқимизга хос қадрият саналади.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мажмуада меҳнат қилиб келаётган хотин-қизлар Қарши шаҳридаги Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номидаги Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилган "Aршин мал алан" мусиқали спектаклига таклиф этилди.

Маҳоратли актиёрлар томонидан ижро этилган ушбу спектаклга ташриф буюрган хотин-қизлар вақтларини мароқли ва мазмунли ўтказишлари билан бир қаторда, ушбу спектакл барчага катта қизиқиш уйғотди ва олқишлар билан қарши олинди.

Спектакл сўнггида мажмуа хотин-қизлари томонидан маҳоратли актёрлар ва театр ходимларига миннатдорчилик билдирилди.

Спектаклдан сўнг, хотин-қизлар учун байрам дастурхони ташкил этилди ва тадбирда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бош директори Шуҳрат Асланов сўзга чиқиб, мажмуада меҳнат фаолиятини олиб бораётган барча хотин-қизларни табриклади.

Тадбир давомида ташкил этилган кўнгил очар дастурлар ҳамда бир гуруҳ санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга янада кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.

Шунингдек, тадбир сўнггида, бир гуруҳ фаол хотин-қизлар ҳамда айнан мана шу кунда ўзларининг таваллуд айёмларини нишонлаётган ишчи-ходимларга Касаба уюшма қўмитаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати