August 25

“Шўртан ГКМ” МЧЖда 2025–2026 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари изчил давом этмоқда

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда 2025–2026 йилги куз-қиш мавсумида ишлаб чиқариш жараёнларининг барқарорлигини таъминлаш, мажмуага қарашли объектларни иссиқлик ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, технологик ҳудуддаги цехларда қувурларнинг техник ҳолати текширилиб, зарур ҳолларда таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, яроқсиз ҳолга келган ускуналар ва қувурлар янгисига алмаштирилмоқда. Технологик қурилмалардаги қувурузатгич изоляциялари, маҳкамловчи арматура коробкалари ҳамда технологик аппаратлар изоляцияларида қисман янгилаш ишлари амалга оширилиб, мавсум давомида талофатсиз ишлаш учун зарур чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, мажмуага қарашли 7 та ташқи қозонхонада режали таъмирлаш ишлари олиб борилди. Тайёр маҳсулотлар ва ҳом-ашё цехида турли ўлчамдаги жами 92 та сиғим (резервуар)да, Ички сув таъминоти цехида 1 та бак ва Ташқи сув таъминоти цехидаги 5 та сиғимда тозалаш ҳамда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Электр таъминоти тизимларининг барқарор ишлаши учун ҳам қатор чоралар кўрилди. Жумладан, мажмуа ҳудудидаги 7 та трансформатор подстанцияси ва 3 та дизел электр станцияси тўлиқ текширилиб, ишга тайёр ҳолатга келтирилди.

Иссиқлик тармоқларини янгилаш ва изоляциялаш ишлари ҳам самарали давом этмоқда. Хусусан, мажмуа технологик ҳудудида янги ўтказилган 110 метрлик қувурга изоляция ўрнатилди, 60 метр ички сув таъминоти қувурлари ва 50 метр иссиқлик қувурлари таъмирланди. Шу билан бирга, технологик ҳудуддаги 220 метрдан ортиқ иссиқлик қувурлари замонавий материаллар билан қайта қопланди.

Газ таъминоти йўналишида ҳам муҳим ишлар амалга оширилди. Жумладан, мажмуага қарашли 6 та газ таъминоти пунктларида текшириш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, уларнинг узлуксиз фаолият кўрсатиши таъминланди.

Қисқача айтганда, “Шўртан ГКМ” МЧЖ жамоаси томонидан 2025–2026 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари босқичма-босқич ва изчиллик билан амалга оширилмоқда. Мажмуада барқарор ва хавфсиз ишлаш учун барча зарур шароитлар яратилган бўлиб, назорат ва мувофиқлаштириш ишлари доимий равишда амалга ошириб келинмоқда.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|