"ИСТИҚЛОЛ МЎЪЖИЗАСИ"
Жорий йилнинг 8 май куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда мажмуанинг шарафли тарихи ва унинг яратувчилари бўлган фидойи инсонлар фаолиятига бағишланган "Истиқлол мўъжизаси" китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда мажмуа маъмурияти, ишчи-ходимлар, фахрийлар, ҳаваскор ижодкорлар, шунингдек, ёшлар иштирок этди.
2021 йилда Шўртан газ кимё мажмуаси Бош директори Ш.Асланов ташаббуси балан мажмуада "Энг яхши мақола" танлови ўтказилди. Танлов асосида бир гуруҳ ҳаваскор ижодкор ходимлар саралаб олинди ва ижодий жамоа шакллантирилди.
Шундан сўнг, ижодкор ходимлар томонидан мажмуа фаолиятига оид маълумотлар жамланиб, мажмуа 20 йиллигига бағишланган китоб ёзиш ишлари бошлаб юборилди.
Ушбу китоб “Шўртан газ кимё мажмуаси” бунёд этилишининг илк кунларидан фаол иштирок этган, мажмуанинг истиқболли келажагига ўз ҳиссасини қўшган соҳа мутахассислари ҳақида чизгилар билан бошланиб, фидойи инсонларнинг хотираларига бой иқтибослари билан якунланган.
Томчида қуёш акс этганидек, "Истиқлол мўъжизаси" китобидан ўрин олган ҳар бир маълумот, сурат ва лавҳалар мажмуа жамоасининг куч-ғайрати ва салоҳияти билан эришилган, барчамиз учун ғоят қадрли бўлган юксак марралар хусусида, марказий осиёда ягона ва қадрли бўлган корхонамиз — Шўртан газ кимё мажмуасининг шарафли тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Тақдимот аввалида ғоя муаллифи, мазкур китобнинг бош муҳаррири - Шўртан газ кимё мажмуаси Бош директори Шухрат Асланов сўз олиб, китобнинг яратилиш тарихи, жараёндаги дуч келинган қийинчиликлар, китоб яратиш ғояси пайдо бўлган кундан, токи китобнинг дастлабки нусхаси чоп этилгунга қадар бўлган босиб ўтилган йўл ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, тақдимот давомида китоб муаллифлари томонидан китобнинг яратилиш жараёни, китоб учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ноёб суратларни тўплаш ва ўрганиш билан боғлиқ бўлган бир-биридан қизиқарли воқеалар ёдга олинди.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчиларига, фахрийларга чоп этилган китобнинг дастлабки нусхалари совға қилинди. Китобни вароқлар экан, барчанинг кўзида бирдек ҳайрат акс этди. Профессионал муҳаррир бўлмаган, ушбу йўналишда бирор жойда таълим олмаган, мажмуада турли хил вазифаларда фаолият олиб бораётган жамоадошлар томонидан юқори даражада ёзилган ушбу китоб барчада улкан таассурот қолдирди.
Маълумот учун, ушбу китоб тўлиқлигича мажмуа ходимларининг ўзлари томонидан ёзилган бўлиб, "Етакчи нашриёти" томонидан чоп этилган.