February 2, 2023

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ томонидан ташкил этилган "5-СТИПЕНДИЯ" дастури ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Юртимиз келажаги кўп жиҳатдан баркамол, салоҳиятли кадрларга боғлиқ. Ҳозирги замоннинг ўзи олдимизга кенг кўламли ва мураккаб вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган кадрларни тарбиялаш, ёшларнинг жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш учун янги-янги вазифаларни қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 7-июлдаги “Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-309-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек "Шўртан газ кимё мажмуаси" масъулияти чекланган жамияти учун кадрлар тайёрлаш дастури доирасида 2023 йилнинг 2 феврал куни мажмуа фаоллар залида, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг 4 курс талабалари ўртасида, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида бешинчи бор ўтказилаётган стипендиатлар дастури ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир Шўртан газ кимё мажмуасининг барпо этилиш тарихи, бугунги кундаги фаолияти ва эришилган ютуқлари акс этган видеоролик намойиши билан бошланди.

Тадбирни очиб бериш учун “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Бош директори Ш.Асланов сўзга чиқиб, дастур ғолибларини табриклагани ҳолда, вилоятимизда нефт ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, кадрларни ўқитишнинг усул ва шаклларини такомиллаштириш орқали таълим сифатини ҳамда меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бугунги кунда малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган даврда олийгоҳ ва мажмуа ўртасида узоқ йиллардан буён ҳамкорликда амалга оширилаётган хайрли ишларни эътироф этди.

Тадбир давомида, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори О.Базаров сўз олиб, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш борасида корхона ва ташкилотлар билан тизимли ишлар йўлга қўйилгани ва бу ишлар натижаси ўлароқ, бугунги кунда ушбу олийгоҳнинг юзлаб талабалари юртимизнинг турли жойларида ўз мутахассисликлари бўйича фаолият олиб бораётганликларини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, икки босқичдан иборат бўлган имтиҳон натижаларига кўра ғолиб бўлган 15 нафар стипендия соҳиблари ва 12 нафар амалиёт дастури ғолибларига махсус сертификатлар ва эсдалик совғаларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Нефт ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, мазкур соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, илм фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш бугунги кундаги энг асосий вазифалардан биридир. Ўтказилаётган бу каби танловлар эса ушбу мақсадларни амалга оширишда муҳим ўринга эгадир.

Қуйида стипендия соҳиблари ва амалиёт дастури ғолиблари билан танишишингиз мумкин:

Тақдирлаш маросимидан фотолавҳалар:

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|