"Шўртан ГКМ" МЧЖда 2023-йилда Маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш борасида олиб борилган ишлар сарҳисоби
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 24-январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-99-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда маҳаллийлаштириш дастури доирасида маҳсулот ишлаб чиқариш, тармоқ ва ҳудудий маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан саноат кооперацияси алоқаларини янада кенгайтириш, “маҳсулотбай” тамойилига кўра импорт ўрнини босувчи (муқобил) маҳсулотларни ўзлаштириш ҳамда импорт ҳажмини қисқартириш борасида бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Хусусан, 2023-йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида мажмуада умумий қиймати 16,2 млрд сўмлик тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва режага нисбатан 134% ўсишга эришилди, шунингдек қарийб 8,65 млрд сўмлик маҳсулотлар реализация қилинди.
Импорт ҳажмини қисқартириш ва саноат кооперацияси дастури доирасида, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг мавжуд қувватлари ва имкониятлари ҳисобига, қиймати 747,6 минг АҚШ долларлик импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ўзлаштирилди (режага нисбатан – 191.7%, 2022 йилга нисбатан ўсиш суръати – 190.8%).
Шунингдек, республикамизнинг Жиззах, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Нукус, Навоий, Қарши, Гулистон ва Тошкент шаҳарларида ўтказилган республика ва ҳудудий саноат ярмаркаларида, “AGROPRO EXPO 2023”, “INNOPROM. Markaziy Osiyo”, “O‘zbekiston Neft va Gazi - OGU 2023”, “Plastex Uzbekistan 2023” халқаро кўргазмаларида, “INNOWEEK-2023” инновацион ғоялар ҳафталигида ҳамда Қашқадарё вилоятига Хитой Халқ Республикасининг Жиангсу ва Анхой провинцияларининг делегациялари ташрифларида мажмуа мутахассисларининг муносиб ва фаол иштироки таъминланди.
Мазкур саноат ярмаркалари, кўргазмалар ва учрашувлар доирасида келгусида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, саноат кооперациясини янада кенгайтириш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш ва импорт маҳсулотларига бўлган талабни босқичма-босқич камайтириш мақсадида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ва маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ягона электрон кооперация портали орқали лойиҳа қиймати 180,7 млрд сўм бўлган 32 та меморандум келишувлари тузилди ҳамда шу асосда маҳсулот ва хизматларни харид қилиш бўйича 10,8 млрд сўмлик 49 та шартномалар имзоланди.
Шу ўринда айтиш жоизки, маҳаллий маҳсулотларга бўлган талабни инобатга олган ҳолда, мажмуада жорий йилда ҳам маҳаллийлаштириш дастури режасига асосан маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Унга кўра, 2024-йилда 9 та лойиҳа доирасида умумий қиймати 7,13 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, импорт ҳажмини ўрганишлар асосидаги режага асосан, 2024-йилда 309,6 минг АҚШ долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотларини ўзлаштириш кўзда тутилган.
Яқин келажакда бу каби лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши, мажмуа рентабеллиги ва меҳнат жамоаси даромадлари ошишида ҳамда республикамиз саноати ва иқтисодиёти юксалишида, шунингдек маҳаллий аҳолининг турмуш даражаси кўтарилишида ҳам муҳим ўрин тутиши шубҳасиздир.