May 30

Германиялик делегатлар "Шўртан ГКМ" МЧЖнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишишди

Германия Федератив Республикаси Лэйпциг шаҳри Ҳунармандчилик палатаси раҳбари Лукс Волкер ва “Avestos” компанияси директори Михел Клауслар Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишишди.

Ташриф давомида германиялик мутахассислар дастлаб "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ раҳбарияти билан мажмуа ходимларини замонавий технологиялардан фойдаланиш малакасини ошириш бўйича ҳамда чет тилларига ўқитиш юзасидан музокаралар олиб боришди.

Музокаралардан сўнг, меҳмонларни мажмуанинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан таништириш мақсадида завод технологик ҳудуди бўйлаб экскурсия ташкил этилди.

Экскурсия давомида меҳмонлар завод бошқарув пульти биноси, механик таъмирлаш цехи, ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати, полиэтилен ишлаб чиқариш цехи ҳамда завод марказий лабораторияси иш жараёнлари билан яқиндан танишишди.

Шунингдек, мутахассисларимиз томонидан меҳмонларга мажмуанинг иш фаолияти, мавжуд технологик қурилмалар ҳамда йиллар давомида эришиб келинаётган ютуқлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Маълумот учун, Германия делегацияси Қашқадарё вилоятига таълим, саноат-ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда икки томон учун ҳам манфаатли бўлган лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда давомий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташриф буюришган.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|