March 18, 2023

Шўртан газ кимё мажмуасида "Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!" деб номланган Наврўз сайли бўлиб ўтди

Шу кунларда юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган Янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз байрами тантаналари вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам бўлиб ўтмоқда. "Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!" деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида кўтаринки руҳда ва юқори савияда ўтказилаётган байрам тадбирлари мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ташкил этилмоқда.

Жумладан, Шўртан газ кимё мажмуасида ташкил этилган "Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!" деб номланган Наврўз сайли, ҳар йилгидан-да, ўзгача бўлди. Сайл кўринишида кун давомида бўлиб ўтган турли маданий-маърифий чиқишлар ва спорт мусобақалари ишчи-ходимларга ростманасига маданий хордиқ чиқариш имконини яратди.

Шўртан газ кимё мажмуаси маъмурияти ва мажмуа Касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган байрам дастури унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Мажмуада ташкил этилган Наврўз байрами эрта саҳардан Сумалак сайли тадбири билан бошланиб, Қарши ихтисослашган санъат билим юрти жамоаси чиқишлари, ШГКМ фолъклор дастаси чиқиши, Момоларим мероси либослар кўргазмаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосилахоним Раҳимова ижросида концерт дастури ҳамда спорт беллашувлари доирасида "Наврўз кубоги-2023" Мини-футбол ҳамда Волейбол мусобақаларининг финал баҳслари билан давом этди.

Қизиқарли ва муросасиз баҳсларга бой бўлган мусобақалар натижасида қуйидаги жамоалар ғолиб бўлишди:

Мини-футбол "Навруз кубоги-2023" бўйича:

1-ўрин "Қаршитермопласт" цехи жамоаси;

2-ўрин "ТСТЦ+ИСТЦ" бирлашган жамоаси;

3-ўрин Полиэтилен ишлаб чиқариш цехи жамоаси.

Волейбол "Наврўз кубоги-2023" бўйича, эркаклар ўртасида:

1-ўрин "АТХ+НУА ва АЦ" бирлашган жамоаси;

2-ўрин "БГҲТЦ+ИЧДХ" бирлашган жамоаси;

3-ўрин Полиэтилен ишлаб чиқариш цехи жамоаси.

Волейбол "Наврўз кубоги-2023" бўйича, аёллар ўртасида:

1-ўрин Маиший хўжалик хизмати жамоаси;

2-ўрин Кўкаламзорлаштириш цехи жамоаси;

3-ўрин Уй-жойдан фойдаланиш хизмати жамоаси.

Шунингдек, тадбир давомида миллий кураш бўйича мусобақа ташкил этилди.

Миллий кураш бўйича бўлиб ўтган беллашувлар, спорт беллашувлари орасида энг жозибадори бўлди ва томошабинларга юқори кайфият улашди. Узоқ давом этган курашлар натижасида қуйидаги полвонлар юқори шоҳсупаларни банд қилишди:

1-ўрин Жиянов Фаррух ("Геолог" М ва ССМ);

2-ўрин Мусурмонов Муҳаммад (Лочин БДО);

3-ўрин Махмараимов Урал (Этилен ишлаб чиқариш цехи).

Тадбир меҳмонлари ва мажмуа ишчи ходимлари учун Наврўз байрами ош дастурхони тайёрланди ва мажмуанинг Умумий овқатланиш цехи ошпазлари томонидан тайёрланган тансиқ таомлар барча иштирокчилар учун манзур бўлди.

Шунингдек, тадбир доирасида, Ахрорбек Қўшматов иштирокида мажмуа ходимлари ўртасида “Қизиқарли беллашувлар шоуси” бўлиб ўтди.

Қолаверса, тадбир доирасида Ҳунармандлар кўргазма ва ярмаркалари ташкил этилиб, сайлнинг росмана байрамона руҳда, унутилмас хотиралар билан ўтишига хизмат қилди.

Тадбир якунида юқорида номлари келтирилган ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

"Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!" деб номланган Наврўз сайлидан фотолавҳалар:

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|