Газ етказиб бериш самарадорлиги оширилмоқда
"Uzbekistan GTL" заводига сифатли ва узлуксиз табиий газ етказиб бериш самарадорлигини ошириш мақсадида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ томонидан бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Маълумки, "Uzbekistan GTL" заводига Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан етказиб бериладиган тозаланган табиий газ Шўртан газ кимё мажмуаси ҳудудида жойлашган ўлчов узели орқали амалга оширилади. Мажмуа йиллик режа асосида таъмирлашга тўхтатилганида, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидан "Uzbekistan GTL" заводига тозаланган табиий газ 33 км ли қувур орқали тўғридан-тўғри етказиб берилар эди. Тўғридан-тўғри газ етказиб бериш жараёнида магистрал қувурдаги механик қурумлар ва ортиқча бирикмаларнинг ҳам газ таркибида бўлиши "Uzbekistan GTL" заводининг технологик жараёнларига маълум бир ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди.
Бугунги кунда, ушбу газ етказиб бериш жараёнини самарадорлигини ошириш ва газ сифатини яхшилаш, шунингдек, қувурларда тўпланиб қоладиган механик қурумларни олдини олиш мақсадида, 33 км ли қувур бошланиш қисмида диаметри 406 мм бўлган, умумий узунлиги 72 метрли айланма (байпас) қувур тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу айланма (байпас) қувур "Uzbekistan GTL" заводига нафақат сифатли газ етказиб бериш учун, балки "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ йиллик режа асосида таъмирлашга тўхтаганида ҳам газ етказиб бериш жараёнини барқарор ташкил этиш учун хизмат қилади.
Айни пайтда ушбу айланма (байпас) қувурни тортиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда.