Меҳнат шартномасини ўзгартириш: муҳим 7 саволга жавоб
Ишга кираётганда меҳнат шартномаси тузилади. Кейин уни ўзгартирса бўладими? Ходим буни талаб қила оладими? Иш берувчига-чи, меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз ўзгартиришга рухсат бериладими? Бошқа ишга ўтказиш шартлари қандай? Бугун меҳнат қонунчилигидаги шу ва бошқа масалаларга батафсил тўхталамиз.
1. Ходим меҳнат шартларини ўзгартириши мумкинми?
Ходим иш берувчидан меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.
Ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги аризаси 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши керак.
Ариза рад этилганда, иш берувчи унга рад этишнинг сабаби тўғрисида ёзма шаклда хабар қилиши керак.
2. Иш берувчи меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз ўзгартириши мумкинми?
Ҳа, айрим ҳолатларда мумкин. Жумладан, агар технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмларининг қисқарганлиги муносабати билан аввалги меҳнат шартлари сақлаб қолиниши мумкин бўлмаса (масалан, ходим хатларни юбориш ёки архивлаш билан шуғулланади, тизимни электронлаштириш натижасида эса бу ишларни техника бажариши мумкин), иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга ҳақли.
Иш берувчи меҳнат шартларининг ўзгариши ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма шаклда, имзо қўйдириб огоҳлантириши шарт.
Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра йўл қўйилади.
Огоҳлантириш муддати пулли компенсация билан алмаштирилиши мумкин.
Огоҳлантириш муддати тугагач, ходим янги меҳнат шартларида ишлашни рад этса, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.
Бундай ҳолда ходимга ишдан бўшатиш нафақаси ва иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақи тўланиши билан боғлиқ кафолатлар қўлланилади.
Ёдда тутинг! Ходим иш берувчи томонидан меҳнат шартлари ўзгартирилганлиги устидан шикоят қилишга ҳақли.
3. Иш берувчи ходимни унинг розилигисиз бошқа ишга ўтказишга ҳақлими?
Ходимни бошқа ишга ўтказиш унинг муддатига қараб доимий ва вақтинча турларга бўлинади.
Ходимни бошқа доимий ишга ўтказишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.
Ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳам унинг розилиги билан амалга оширилса-да, ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши ҳолларида иш берувчи ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказиши мумкин.
Бунда ходим соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас.
Бекор туриб қолиш сабабли ходимни пастроқ малака талаб этиладиган ишга вақтинча ўтказишга ходимнинг ёзма розилиги билан йўл қўйилади.
Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиш муносабати билан ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилганда, ходимга ҳақ тўлаш унинг бажараётган ишига қараб, бироқ аввалги ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилади.
Ходимни бошқа ишга ўтказиш бир йилда жами 60 кундан ошиши мумкин эмас.
Ёдда тутинг! Ходим ўзи ўтказилаётган ишнинг мазмуни, ушбу ишдаги меҳнат шартлари, шунингдек мазкур ишни бажариш билан бевосита боғлиқ бўлган ички ҳужжатлар билан олдиндан таништирилиши шарт.
4. Ходим иш берувчидан уни бошқа ишга вақтинча ўтказишни талаб қилишга ҳақлими?
Умумий қоидага кўра ходим иш берувчидан бошқа ишга ўтказишни талаб қилишга ҳақли эмас.
Бироқ қонунчиликда айрим истисно ҳолатлари белгиланган.
Хусусан, ходимнинг вақтинча бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги илтимоси иш берувчи томонидан қуйидаги ҳолларда қаноатлантирилиши лозим:
– тиббий хулосага мувофиқ ходимни соғлиғининг ҳолатига кўра вақтинча енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари мавжуд бўлмаган ишга ўтказиш;
– тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлни вақтинча енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари мавжуд бўлмаган ишга ўтказиш;
– икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган ота-онанинг бири (васий) томонидан аввалги ишини бажариш мумкин эмаслиги;
– тегишли иш ўрни берувчида мавжуд бўлган бошқа узрли ҳолларда.
5. Ходим иш берувчидан уни бошқа ишга доимий ўтказишни талаб қилишга ҳақлими?
Ҳа, ҳақли. Ходим соғлиғининг ҳолати, тиббий хулоса уни енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари мавжуд бўлмаган бошқа ишга доимий ўтказишни талаб қилса, иш берувчи мазкур ходимни унинг розилиги билан, вакант бўлган тақдирда бошқа ишга ўтказиши шарт.
Иш берувчида ходимга мос иш бўлмаганда, ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳамда кафолатлар тақдим этилган ҳолда меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.
6. Корхона (ташкилот) бошқа жойга (узоқ жойга) кўчса ходимга қандай кафолатлар берилади?
Иш берувчи ходимни келгусида бошқа жойга (ходимнинг яшаш жойидан узоқ ҳудудга, яъни қатнаш имкони бўлмаган жойга) кўчиши тўғрисида камида 2 ой олдин ёзма огоҳлантириши шарт.
Бошқа жойга ишга кўчиб ўтган ходимларга қуйидагилар компенсация қилинади:
– ходим ва оила аъзолари, уларнинг юкларини ташиш харажатлари;
– йўлда бўлишнинг ҳар бир куни учун суткалик тўловлар;
– кўчиб ўтилаётган жойда ходимнинг шахсий уй-жойи бўлмаса ёки иш берувчи унга хизмат уйи бермаса, уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар;
– янги иш жойи бўйича бир ойлик маош миқдорида бир марталик нафақа (кўтарма пул).
7. Корхона (ташкилот) бошқа жойга (узоқ жойга) кўчса ва ходим у ерга бориб ишлашни рад этса нима бўлади?
Ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчишни рад этса, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси унга ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ва ишга жойлашиш даврида ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда бекор қилинади.
Манба: Hudud24.uz