Шўртан газ кимё мажмуаси маслаҳат кенгаши фаолияти юқори баҳоланди
Ўзбекистонда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятда гендер тенглигини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги иштироки ва фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 16 август куни Қарши шаҳар ҳокимлигида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлаш бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова, Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова, шунингдек, вилоятдаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган маслаҳат кенгашлари раҳбарлари ва аъзолари, давлат ташкилотлари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинарда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Бош директорининг ахборот технологиялари ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари, Маслаҳат кенгаши раиси Фахриддин Қуватов маъруза билан қатнашиб, мажмуада хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими ва кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, келгуси режалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Айни пайтда мажмуада 3570 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган бўлиб, уларнинг 651 нафари ёки 18 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Улар орасидан 10 нафари раҳбар, 109 нафари мутахассис, 127 нафари техник, 207 нафари хизмат кўрсатувчи ва 198 нафари ишлаб чиқариш ходимлари ҳисобланади. Шу билан бирга, 45 нафар аёл олий таълим муассасаларида сиртқи шаклда таҳсил олиб, улар учун маслаҳат кенгаши томонидан зарур шароитлар яратилгани қайд этилди.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан моддий ёрдамлар кўрсатилиб, ходимларнинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш, маънавий ва маданий дам олишлари учун ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, айоллар учун турли форумлар, маънавий-маърифий учрашувлар ва семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Волейбол, қувноқ спорт, шахмат-шашка бўйича спорт мусобақалари мунтазам ўтказилиб, ғолиб жамоалар рағбатлантирилмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар учун мамлакатимизнинг йирик шаҳарларига саёҳатлар йўлга қўйилган, бир гуруҳ фаол ходимлар эса чет элда тажриба орттириб келиш имконига эга бўлмоқдалар. Бу каби кенг кўламли ишлар хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ишчанлик ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига катта туртки бермоқда.
Семинарда маслаҳат кенгашининг келгусидаги вазифалари ҳам белгилаб олинди. Жумладан, “Лидер аёллар” клубини ташкил этиш, хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, киберхавфсизлик ва ҳуқуқий билимлар бўйича ўқув сенминарлар ташкил этиш, спорт ва маданий тадбирлар сонини кўпайтириш, шунингдек, оғир ҳолатга тушиб қолган аёлларга психологик ёрдам кўрсатиш каби йўналишлар устувор вазифа сифатида белгиланди.
Тадбир иштирокчилари Шўртан газ кимё мажмуасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юқори самара бераётганини, айниқса маслаҳат кенгаши фаолияти алоҳида эътиборга сазовор эканини таъкидлаб ўтишди. Шу билан бирга, мазкур тажрибани бошқа ташкилот ва корхоналарда ҳам татбиқ этиш мумкинлиги қайд этилди.