"Шўртан ГКМ" МЧЖ: Оқова сувларни тозалаш цехи AD-6401 қурилмасида тозалаш ишлари олиб борилмоқда
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг Оқова сувларни тозалаш цехига қарашли AD-6401 ёғли оқова сувларни тозалаш қурилмаси 2001 йил мажмуа ишга тушган вақтдан бошлаб ишлатилиб келинади. Қурилма ер сатҳидан 6 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, 36х15 метр ўлчамдаги 2 (икки) дона темир-бетон ҳовузлар (резервуар), насос хўжалиги, ёғ йиғгич ва сарф регуляторларидан иборатдир.
Ушбу қурилма, ёмғир сувларни, умумзавод ўқув амалий машғулот вақтида ишлатиладиган сувларни, технологик қурилмалардан ташланадиган дренаж сувларини қабул қилишга мўлжалланган. Қурилма соатига ўртача 10-36 куб метргача оқова сувларни қабул қилади.
Қурилмани ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва пайвандлаш ишлари АВВ фирмаси техномажмуаси таркибида амалга оширилган. Ёғли оқова сувларни тозалаш қурилмаси "Берлин бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш институти" (Германия) томонидан Z-54.8-170 меъёрий талаблари асосида аттестациядан ўтказилган. Қурилманинг синови эса DIN 1999 стандарти талабларига мувофиқ ўтказилган ва тозалаш жараёнида 99,5 % нафлилик даражасини беришига эришилган.
Қурилма Мажмуанинг жорий таъмирлаш ишлари вақтида ҳамда мажмуани ишга қўшишдаги қурилма ва ускуналарни ювиш жараёнларида ҳосил бўлган оқова сувларни узоқ йиллар давомида қабул қилиши натижасида, қурилма резервуарларида кўп миқдорда чўкиндилар ҳосил бўлган бўлиб, ҳозирда мажмуа мутахассислари томонидан ушбу органик ва неорганик чўкиндиларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.
Тозалаш ишларини амалга ошириш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, унда ушбу жараённи хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда талофатларсиз ўтказиш, ҳосил бўлган чўкиндиларни атроф-муҳитга зарар бермаган ҳолда утилизация қилиш асосий вазифа қилиб белгиланган. 2022 йил 23 август кунидан бошлаб то бугунги кунга қадар мажмуа мутахассислари томонидан AD-6401 қурилмаси резервуарларида ҳосил бўлган чўкиндиларни тозалаш жараёнида 567700 литр миқдоридаги чўкинди тозаланди.