"Қаршитермопласт" цехининг сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш борасидаги имкониятлари ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги "Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги ПҚ-5-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда “Агробанк” АТБ бошқаруви ходимларидан иборат ишчи гуруҳ "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ га қарашли "Қаршитермопласт" цехида бўлишди.
Дастлаб, ишчи гуруҳ аъзолари "Қаршитермопласт" цехининг ишлаб чиқариш имкониятлари, маҳсулотлар турлари ва ҳозирги кунда омборда мавжуд полиэтилен маҳсулотлари ҳолати билан танишдилар.
Шунингдек, "Қаршитермопласт" цехида ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган полиэтилен маҳсулотларини, маҳаллийлаштириш дастури орқали ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида мажмуа мутахассислари томонидан маълумотлар берилди.
Шундан сўнг, мажмуа Сувни тежовчи технологияларни лойиҳалаш ва жорий этиш хизматининг малакали мутахассислари билан, Кластер ва фермер хўжаликларда сувни тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳа ва смета ҳужжатларни тайёрлаш ва технологияларини қуриб бериш имкониятлари борасида музокаралар олиб борилди.
Маълумот учун, "Қаршитермопласт" цехида полиэтилен қувурлар, уловчи қисмлар кўринишидаги фитинглар, ҳажми 10 литр бўлган канистрлар, хўжалик яшиклари, алюмокомпозит панеллар, томчилаб суғориш тизими деталлари каби полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.